Тошкентдаги мактабларда ақлли камералар ўрнатиш бошланди

Тошкент мактабларида "Ақлли мактаб" тизими доирасида ақлли камералар ўрнатиш ишлари бошланди. Бу ҳақда 14-август куни пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 2026/2027-ўқув йилида "Сергели тажрибаси" лойиҳаси доирасида "Ақлли мактаб" тизимини жорий этишнинг биринчи босқичи синов тариқасида амалга оширилмоқда. Сергели туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9–11-синф хоналаридан жами 345 тасининг 177 тасига замонавий ақлли камералар ўрнатилди.
Ушбу лойиҳа ўқувчилар давоматини автоматик аниқлаш, мактаб хавфсизлигини ошириш, бегона шахсларни аниқлаш ва ўқувчиларнинг дарсдаги фаоллигини таҳлил қилиш имкониятларини яратади. Ўрнатилган камералар махсус дастурий таъминот орқали Сергели туман ҳокимлигида ташкил этилган Вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.
Режага мувофиқ, қолган синф хоналарига камераларни ўрнатиш ва уларни Вазиятлар марказига интеграция қилиш ишлари 2026-йил 25-августга қадар якунланади.
"Сергели тажрибаси" доирасида шакллантирилаётган ушбу тизим келгусида Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим мактабларига босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.
Сергели тумани ҳокимлиги ахборотида қайд этилишича, ўқувчилар давомати ҳамда мактабга кириш-чиқиш жараёнлари ақлли камералар ёрдамида автоматик назорат қилинади. Шунингдек, фарзандларнинг келиб-кетиши ҳақида ота-оналарга тезкор хабар юбориш тизими йўлга қўйилади.
Мактабларда давоматнинг ақлли камералар орқали назорат қилиниши май ойида маълум қилинган эди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу тизим нафақат мактаб жамоаси, балки ота-оналарнинг ҳам ўз фарзандларининг таълим олиши ва дарсларга қатнашишини онлайн назорат қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини билдирган.

