Тошкентдаги маҳаллада аҳолининг норозилигидан сўнг деразалардаги панжараларни демонтаж қилиш тўхтатилди
Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллада турар жой биноларидаги панжараларни олиб ташлаш бошланди. Aҳолининг норозилигидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишлар тўхтатилгани, ҳаракатларга ўзбошимчалик аломатлари бўйича баҳо берилишини маълум қилди. Ободонлаштиришнинг тўсатдан авж олиши у ёки бу туманда мунтазам равишда кузатилмоқда.

Тошкент маҳаллаларидан бирида ойналардаги панжараларнинг бузилиши аҳоли норозилигидан сўнг тўхтатилди
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалардан бирида жойлашган турар жой бинолари деразаларидаги панжараларни демонтаж қилиш ишлари тўхтатилди. Бу ҳақда аҳолининг эътирози ва экспертларнинг танқидидан сўнг пойтахт ҳокимияти маълум қилди.
«Вазият пойтахт ҳокимияти назоратида: содир бўлган воқеа сабаблари ва ушбу қарор учун масъул шахслар аниқланмоқда, ваколат ҳаддидан ошишлик ва ўзбошимчалик белгилари бўйича ҳаракатларга баҳо берилмоқда
», — дейилади администрация хабарида.
«Текширув якунлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти томонидан тегишли чоралар кўрилади, шунингдек, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун қадамлар ишлаб чиқилади», — дея ишонч билдирди ҳокимият.
«Аҳолининг қулайлиги, хавфсизлиги ва ҳуқуқлари Тошкент шаҳар ҳокимияти учун устувор аҳамиятга эга. Одамларнинг хавфсизлиги ва уларнинг мол-мулкига дахлдор қарорлар фуқаролар манфаатларига зарур эътибор билан қабул қилиниши керак.
Тошкент ҳокимияти бу каби ҳаракатларга қарши ва уларнинг ташаббускори эмас», — деб таъкидланади баёнотда.
11 октябрь куни Facebook’даги «Потребитель.Уз» жамиятида «ҳокимият топшириғи билан ва кўп квартирали уйларни сақлашнинг янги қоидаларига таяниб», маҳаллалардан бирида, жумладан, биринчи қаватларда ҳам дераза панжараларини кесиш бошланганидан шикоят қилишди. Мaнсабдорлар, шунингдек, панжаралар ўрнатиш кадастрда кўзда тутилмаганини даъво қилишган.
«Бешинчи қаватда демонтаж қилишга улгуришди.
Бу вақтда биринчи қават аҳолиси бу буйруқни берган мансабдор шахсни излаб ҳокимиятга югуришди. Топишди. Демонтажни тўхтатишни талаб қилишди. Чунки панжаралар — бу уйнинг хавфсизлиги масаласи. Ва уларни ҳеч ким кадастрга киритмайди. Тўхтатиб қолишга эришилди. Аммо аҳоли бир оз вақт ўтгач, ҳокимият бу масалага яна қайтишидан хавотирда», — деб ёзди жамият администратори Лилия Николенко.
«Студия Архитектуры и Дизайна» («САД») архитектори Мария Султанова вазиятни шарҳлар экан, бир нечта савол берди.
«1. Шунча вақтдан бери назорат қаерда эди?
Уйлардаги панжаралар бир кечада пайдо бўлиб қолгани йўқ. Агар муайян конструкциялар қоидабузарликлар билан ўрнатилган бўлса, бу қоидабузарликлар қачон аниқланган, панжаралар ўрнатилаётганда қаерга қарашган эди? Илгари мулкдорларга қандай талаблар қўйилган эди?» — деди эксперт.
У кўп квартирали уйлардан техник фойдаланишни назорат қилиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг вазифаларига киришини эслатди. «Шунинг учун савол фақат аҳолига бўлмаслиги керак. Агар қоидабузарликларга йиллар давомида муносабат билдирилмаган бўлса, назорат қилувчи органларнинг ишини ҳам ўрганиш керак».
«2
. Айнан нима бузилган?
„Кадастр бўйича эмас“ — бу тахминан „бизга шундай дейишди“ деган билан бир хил ҳуқуқий аниқликдаги тушунтиришдир. Дераза ўрнидаги оддий панжаранинг ўзи, масалан, террасани эгаллаб олиш каби квартирага майдон қўшмайди. Ҳудудни эгаллаб олиш ва деразадаги ҳимоя конструкцияси — бу бошқа-бошқа вазиятлар», — деб ёзди Мария Султанова.
«3. Тартиб-қоида қани?
Аҳоли талабни ким, қайси асосда қўяётганини, айнан нима қилиш кераклигини тушуниши керак. Квартира эгаси қоидани бузган тақдирда ҳам, бу мансабдор шахсга болгарка билан ҳаракат қилиш ҳуқуқини бермайди. Агар конструкцияни ҳақиқатан ҳам олиб ташлаш зарур бўлса, одамларга панжараларни мустақил равишда демонтаж қилиш ва деразалар учун мақбул ҳимояни танлаш учун қонунда кўзда тутилган имконият берилиши керак. Фавқулодда вазият бўлмаган тақдирда, бу ерда тўсатдан ҳаракат қилишнинг умуман ҳожати йўқ».
«4. Биз қайси вазифани ҳал қиляпмиз?
Одамлар ичкарига кириб олишдан ҳимояланиш ва бола деразадан тушиб кетмаслиги учун панжара ўрнатишади. Бу эҳтиёжлар демонтаждан сўнг йўқолиб қолмайди. Ҳа, очилмайдиган яхлит панжара ёнғин пайтида қутқаришга халақит бериши мумкин. Демак, муайян ечимни баҳолаш керак: панжара очиладими, қутқаришга халақит берадими, маҳкамлагичлар хавфсизми, у болаларни қутқариш учун мосми», — деб таъкидлади архитектор.
«Болгарка — фойдали қурилиш инструменти. Лекин у шаҳарликлар билан ишлашнинг ўрнини босолмайди», — деб таъкидлади у сўзи якунида.
Кайд этиш жоизки, Тошкентнинг турли туманларида мунтазам равишда ободонлаштиришнинг тўсатдан авж олиши кузатилади, бу ҳақда аҳоли камдан-кам ҳолларда огоҳлантирилади, улар билан маслаҳатлашишни-ку айтмаса ҳам бўлади. Мирзо Улуғбек тумани тез-тез ОАВ сарлавҳаларига тушади.
Масалан, ёзда «Турон» маҳалласидаги ҳовлилардан бирида тўсатдан болалар майдончасини демонтаж қилиш бошланди. Бу ерда барбекю ҳудуди ва фаввора қуришмоқчи эди.
Туман ҳокимияти аҳоли билан лойиҳани муҳокама қилганини таъкидлади, аммо аҳоли буни инкор этди.
Норозиликдан сўнг лойиҳа ўзгартирилди
.
Бироқ қурувчилар илгари яшил ҳудудлар бўлган ҳовлиларнинг кўплаб жойларини асфальт қилишди ва маҳаллага олиб борадиган йўлни кенгайтиришди, бунинг оқибатида бу ерда кўпроқ машиналар тўхтаб турадиган бўлди. 1-уй ҳовлисида ваъда қилинган автотурагоҳ барибир пайдо бўлмади. Илтимосларга қарамай, уй ёнида пиёдалар йўлаги кўзда тутилмаган.
Пиёдалар, жумладан болалар ва болалар арвачаси бўлган ота-оналар машиналарни айланиб ўтишга мажбур.
Автомобиллар ҳаракатини секинлаштирадиган сунъий ғовлар олиб ташланди, бунинг оқибатида кўплаб ҳайдовчилар тезликни оширишмоқда. Маҳаллага кириш қисмида светофорлар ва пиёдалар ўтиш жойлари бўлган тўлақонли чорраҳа яратишни мансабдорлар рад этишмоқда.
Норозиликка қарамай, турар жой уйи ёнида дўкон қурилди. Тошқин қаватли уйнинг деворида эса Николай Жарский муаллифлигидаги мозаикани «чизиб тугатишга» уринишди ва бунга рухсатномалар олинганини таъкидлашди (улар йўқ эди). Фаввора якунда бошқа ҳовлида қурилди, бунда аҳоли, ўткинчилар ва яқин атрофдаги ташкилотлар ходимлари фойдаланадиган ўриндиқлар олиб ташланди.
Ҳозирда шу туманда Солар канали бўйлаб сайр қилиш ҳудудини барпо этиш бошланган. Қирғоқларни бетонлашда ишчилар дарахтлар атрофида жой қолдиришмади. Ижтимоий тармоқлардаги танқидлардан сўнг дарахт таналари бўшатилди. Келажакда кўкаламзорлаштириш имкониятини истисно этган ва ёзда қизийдиган майдонларни оширган ҳолда қирғоқларни бетонлашнинг нима кераги бор, нега табиатга йўналтирилган ободонлаштириш усулларини қўллаш мумкин эмас — «Газета» бу саволларга жавоб ололмади.
Битта материалда бундай мисолларнинг барчасини санаб ўтишнинг иложи йўқ. Бундай ободонлаштиришни шаҳарликлар аллақачон «шафқатсиз» деб аташган, «Обод маҳалла» номи эса яшаш муҳитининг ёмонлашуви билан ассоциацияланадиган бўлиб қолди. Одамлар манфаатлари ҳисобга олиниши ва уларнинг қулайлиги ҳақида қайғурилишини эълон қила туриб, мансабдорлар аҳолининг саволлари ва таклифларини бир четга суриб, маҳаллаларни ўз билганларича «яхшилашда» давом этмоқдалар.
«Шаҳарликлар — шунчаки шаҳардан фойдаланувчилар эмас. Улар шаҳарнинг эгалари.
Улар шу ерда яшайдилар, улар солиқ тўлайдилар, бу солиқларга давлат мавжуд ва бу айтиб ўтилган реформаларнинг ҳаммаси амалга оширилади», — деган эди урбанист Аркадий Гершман «Газета»га берган интервьюсида. Мансабдорлар ўзларининг ободонлаштириш иштиёқида бу ҳақиқатни эшитишармикан?

