Тошкентда дарахтлар қайта санаб чиқилади ҳамда уларнинг касалликлари ва одамлар учун хавфсизлиги текширилади

Тошкентда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қайта хатловдан ўтказилади, уларнинг ҳолати баҳоланади ва маълумотлар махсус реестрга киритилади. Қуриган, касалланган ва шикастланган, одамлар ёки мол-мулк учун хавф туғдириши мумкин бўлган ўсимликларга алоҳида эътибор қаратилади.
Тегишли қарорни пойтахт маъмурияти раҳбари Шавкат Умурзоқов имзолади.
Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, у жойларга борган ҳолда ўсимликларни кўздан кечиради ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот йиғади.
Мутахассислар дарахтларнинг сони, тури, ёши ва жойлашган жойини қайд этадилар. Биринчи навбатда касалланган, зараркунандалар ёки табиий омиллардан зарар кўрган, қуриган ёхуд одамлар ва мол-мулкка хавф соладиган ўсимликлар текширилади.
Барча йиғилган маълумотлар махсус реестрга киритилади. Ташкилот ва корхоналар раҳбарлари тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўладилар, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси эса уларни жойларда танлаб текширади. Умумлаштирилган натижалар ҳар чоракда шаҳар ҳокимлигига тақдим этиб борилади.
Агар текширув давомида ҳолати ёки хавфсизликка таҳдиди туфайли олиб ташланиши керак бўлган дарахтлар аниқланса, масъул шахслар дарахтларни кесиш учун рухсатнома расмийлаштиришлари керак бўлади. Аризани онлайн тарзда «Лицензия» тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин.
Бунда дарахтларни кесишга фақат рухсатнома олинганидан кейингина йўл қўйилади. Ўсимликнинг касал, қуриган ёки хавфли деб топилишининг ўзи уни белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмасдан кесиш ҳуқуқини бермайди.
Текширув пойтахтдаги яшил майдонлар ҳолати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш ва қайси дарахтлар алоҳида парваришга муҳтожлигини, қайсилари эса хавфсизликка таҳдид солаётганини аниқлаш имконини беради.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 2 гектар майдонда 600 га яқин дарахт ва буталар ноқонуний равишда қўпориб ташланган эди. Табиатга етказилган зарар 1,7 миллиард сўмдан ортиқ деб баҳоланган.

