Тошкентдаги кўп квартирали уйлар Жаҳон банки иштирокида энергия аудитидан ўтказилади
Тошкентдаги кўп квартирали уйларда Жаҳон банки мутахассислари иштирокида энергия аудити ўтказилади. Экспертлар биноларнинг техник ва энергетик ҳолатини баҳолайдилар, иссиқлик йўқотилиши манбаларини аниқлайдилар ва уларни бартараф этиш бўйича ечимларни ишлаб чиқадилар.

Тошкентдаги кўп квартирали уйларда Жаҳон банки иштирокида энергия аудити ўтказилади, деб хабар берди шаҳар ҳокимлиги.
Текширув учун ўтган иситиш мавсумида меъёрий талаблар бузилган ҳолда иситилган бинолар танлаб олинди.
Аудит давомида биноларнинг техник ва энергетик ҳолати, жумладан, ташқи деворлар, том ва ертўлалар, эшик ва деразалар, ички иситиш тизимлари ҳамда иссиқликдан фойдаланиш самарадорлиги баҳоланади.
Хорижлик мутахассислар, шунингдек, асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчовларни амалга оширадилар, ҳар бир бинода иссиқлик йўқотилишининг асосий сабабларини аниқлайдилар ва уларни бартараф этиш бўйича техник ечимларни тайёрлайдилар, деб маълум қилди шаҳар ҳокимлиги.
Энергия аудити якунлари бўйича Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларни самарали иситиш методологиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унда биноларнинг техник ҳолати ва энергия самарадорлиги, иссиқлик йўқотилиши даражаси ва бошқа кўрсаткичлар ҳисобга олинади.
Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, ушбу методология биноларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, модернизацияга муҳтож бўлганларини аниқлаш ҳамда иссиқлик йўқотилишини камайтириш, электр энергияси ва табиий газдан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

