Тошкентдаги Фарғона йўли кўчасида автобус бўлакларини назорат қилиш учун камералар ўрнатилди

Тошкентдаги Фарғона йўли кўчасида автобус бўлакларини назорат қилиш учун камералар ўрнатилди
Тошкентдаги Фарғона йўли кўчасининг олти километрга яқин қисмида ҳар иккала йўналишда автомобилларнинг жамоат транспорти учун ажратилган бўлакларга чиқишини қайд этувчи камералар жойлаштирилди.
Камералар пойтахтнинг бошқа кўчаларидаги автобус бўлакларига ҳам ўрнатилмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотларига кўра, уларнинг вазифаси — автобусларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш ва йўлдаги ушланиб қолишларни камайтиришдан иборат.
Ажратилган бўлаклар "А" ҳарфи билан белгиланган. Соат 06:00 дан 23:00 гача тегишли рухсатномаси бўлмаган транспорт воситаларининг ушбу бўлакларда ҳаракатланиши тақиқланади. Бу бўлакларни эгаллаб олган автомобиллар автобусларнинг жадвалга риоя қилишига ва йўловчиларни ушланиб қолишларсиз ташишига халақит бермоқда.
Аввалроқ Фарғона йўли кўчасида "Яшил тўлқин" тизими коридори ишга туширилган эди. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари магистралнинг 6 километрлик қисмида — Қўйлиқ кўприги ортидаги "Қўйлиқ ота" мақбарасидан УзБУМгача бўлган ҳудудда 13 та светофор объекти ишини синхронлаштирдилар.

