Тошкентдаги айрим шифохоналар хавфли чиқиндиларни маиший ахлатга қўшиб ташлаётгани аниқланди
Тошкентдаги қатор клиникалар хавфли тиббий чиқиндиларни маиший чиқиндиларга ноқонуний равишда аралаштириб, ахлатхоналарга ташлаётгани аниқланди. Шунингдек, замонавий утилизация мажмуаси атиги 25 фоиз қувватда ишлаётгани маълум бўлди.

Тошкентдаги айрим шифохоналар хавфли тиббий чиқиндиларни маиший ахлат билан бирга ташлаб юбораётгани аниқланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабар берди.
Экологик вазиятни яхшилаш бўйича республика махсус комиссияси Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндиларини бошқаришда бир қатор қонунбузарликларни аниқлаган. Ўрганишлар натижасида айрим муассасаларда хавфли чиқиндилар маиший чиқиндилар билан аралаштирилиб, полигонларга ёки рухсат этилмаган жойларга ташлангани маълум бўлди.
Пойтахтда ўрнатилган иккита ускунанинг умумий кунлик қуввати 12 тонна бўлишига қарамай, амалда уларга кунига атиги 3 тонна чиқинди етказиб берилмоқда, бу эса ускуналар 25 фоиз қувватда ишлашини англатади.
Махсус комиссиянинг 2026-йилнинг дастлабки олти ойидаги текширувларида жами 3239,05 м³ тиббиёт чиқиндиси олиб чиқилгани аниқланган.
Пойтахтда энг кўп чиқинди ҳосил қилган муассасалар орасида 16-сонли клиник шифохона (1795,40 м³), 3-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси (445,44 м³) ва Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникаси (382 м³) бор.
Шунингдек, Республика болалар фтизиатрия ва таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази, Дерматовенерология ва косметология марказининг Тошкент шаҳри филиали, 1-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тери-таносил касалликлари шифохонасида хизматлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилмаган.
Қонунбузарлик ҳолатлари бўйича масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, тиббиёт чиқиндиларининг 15 фоизи хавфли бўлиб, уларнинг нотўғри бошқарилиши касалликлар тарқалиши, заҳарланиш ва атроф-муҳит ифлосланишига олиб келиши мумкин.
Маълумот учун, Президентнинг 2024-йил 17-июлдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида АҚШнинг Саяр ЛЛС компанияси томонидан Саяр Греен хорижий корхонаси ташкил этилган ва умумий қиймати 115 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бироқ, хабарда таъкидланишича, тиббиёт муассасалари хавфли чиқиндиларни инвесторга етказмаётгани сабабли бу механизм тўлиқ ишламаяпти.

