Тошкентда Халқаро мода академияси ташкил этилмоқда
Тошкентда янги давлат олий таълим муассасаси — Халқаро мода академияси ташкил этилмоқда. У Тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Париж халқаро мода академиясининг қўшма дастури негизида ташкил этилади.

Тошкентда Халқаро мода академияси ташкил этилади
Тошкентда Халқаро мода академияси — Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тизимидаги давлат олий таълим муассасаси ташкил этилмоқда. Ўзбекистон президенти 16 октябрь куни тегишли қарорни имзолади.
Академия жорий ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Париж халқаро мода академияси (Académie internationale de coupe de Paris) билан биргаликда ишлаб чиқилган қўшма таълим дастури базасида ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу дастур талабалари ўқишни академияда давом эттиради ва унинг дипломини олади.
Қарорнинг мақсадлари қаторида енгил саноат, дизайн, мода ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш, миллий мода мактабини шакллантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграциясини таъминлаш, миллий брендларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, миллий маданий мерос ва анъаналар асосида рақобатбардош мода индустриясини яратиш қайд этилган.
Янги олийгоҳ ёпилаётган Корея-Ўзбекистон ўқув-амалий тўқимачилик технопарки ўрнида жойлашади.
Шахсий бакалавриат ва магистратура дастурларидан ташқари, Франция, Италия, Буюк Британия ва Туркия олий ўқув юртлари билан қўшма дастурларни жорий этиш вазифаси қўйилган. Академияга хорижлик талабаларни ҳам жалб этиш режалаштирилмоқда.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб академияда корхона ва ташкилотлар буюртмалари асосида тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж ва чарм-поябзал соҳаларида кадрларни мақсадли тайёрлашга қаратилган дуал таълим шакли жорий этилади. Бунда ўқув жараёнининг 30 фоизи олийгоҳда, қолган вақти эса бевосита ишлаб чиқаришда ўтади.
Енгил саноат соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган техникумларнинг етарли ўртача баллга (GPA) эга бўлган битирувчилари академиянинг учинчи босқичига тўлов-контракт асосида ўқишга киришлари мумкин бўлади.
Келгуси йилдан академия ҳузурида олий ўқув юртидан кейинги таълим институти ташкил этилиши керак.
Академия базасида, шунингдек, давлат буюртмаси асосида турли ташкилот ва хизматлар учун кийим-кечак дизайнларини ишлаб чиқиш ташкил этилади.

