Тошкентда ва Бухоро вилоятида деярли 4 минг долларлик иккита фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди

Тошкентда ва Бухоро вилоятида деярли 4 минг долларлик иккита фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди
Бухоро вилояти ва Тошкентда фирибгарликда гумонланиб икки эркак қўлга олинди. Бири ИИВ ҳузуридаги лицейга ўқишга киришга, иккинчиси — суд қарори билан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб беришга ваъда берган. Хизматлари учун улар умумий ҳисобда 3,8 минг доллар сўрашган.
"Узбекистан 24" телеканалининг хабар беришича, Ғиждувон туманида Бухоро солиқ техникуми ўқитувчиси юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарога ИИВ ҳузуридаги Бухоро академик лицейига ўқишга киришга ёрдам беришни ваъда қилган. Хизмати учун у 800 доллар талаб қилган ва пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Яна бир ҳолат Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида аниқланди. Эркак киши суд қарори билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахснинг ҳайдовчилик гувоҳномасини уч минг долларга тиклаб беришни ваъда қилган. У масалани юқори лавозимли танишлари орқали ҳал қила олишини таъкидлаган ва пулни олаётганда қўлга олинган.
Иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижон вилоятида 39 ёшли эркак 297 миллион сохта сўмни сотишга уринган вақтида қўлга олинган эди. Унинг хонадонида ўтказилган тинтув чоғида компьютер, принтер ва сохта купюралар тайёрламалари топилган.

