Тошкент ва вилоятда учта фирибгарлик ва товламачилик ҳолати аниқланди

Тошкент ва вилоятда учта фирибгарлик ва товламачилик ҳолати аниқланди
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўқиш ҳамда иш жойини сақлаб қолиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб бериш эвазига пул олиш билан боғлиқ учта фирибгарлик ва товламачилик ҳолати фош этилди. Икки ҳолатда гумонланувчилар жами 13 минг доллар, яна бир ҳолатда эса 5 миллион сўм олишган.
Тошкентнинг Яккасарой туманида бир шахс 12 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди. «Ўзбекистон 24» телеканали хабар беришича, ушбу эркак бу пул эвазига бошқа бир фуқаронинг ўқишга киришига ёрдам беришни ваъда қилган.
Пойтахтнинг Миробод туманида бошқа бир шахс талабани тўртинчи курсга ўтказиб бериш ваъдаси учун минг доллар олган. У ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Яна бир ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қибрай тумани бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда аниқланди.
«Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл тумани филиаллари раҳбари ўз қўл остидаги ходимдан беш миллион сўм олган. Тергов маълумотларига кўра, пуллар ходимни ишдан бўшатмаслик ва унга тўсиқларсиз ишлашни давом эттиришга рухсат бериш ваъдаси эвазига берилган.
Учтала ҳолат бўйича ҳам жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Наманганда Халқ қабулхонасининг муқаддам судланган ходими уй қуриш учун ер участкаси расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 1,5 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган эди.

