Тошкентда трансформатордаги ёнғинда икки киши жароҳатланди
Тошкентдаги Нукус кўчасида жойлашган Parkwood турар жой мажмуасидаги трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари вақтида ёнғин юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ишчилардан бири ёнаётгани, йўловчилар эса оловни ўчиришга ҳаракат қилаётгани акс этган.

Тошкентда трансформаторда ёнғин чиқиши оқибатида икки киши жароҳатланди
27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда кўчада бир киши ёнаётгани ва атрофдагилар оловни ўчиришга ҳаракат қилаётгани акс этган видео тарқалди.
Нашрларда таъкидланишича, трансформатордаги портлашдан сўнг кўп қаватли уй электр энергиясиз қолган, жабрланувчи эса оғир аҳволда шифохонага етказилган.
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» ушбу маълумотга муносабат билдириб, ёнғин Миробод тумани Нукус кўчасидаги Parkwood турар жой мажмуасининг трансформатор пунктида содир бўлганини маълум қилди.
Корхона маълумотларига кўра, ушбу трансформатор пункти «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар ҳудудий филиали балансида турмайди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда фазалараро қисқа туташув туфайли келиб чиққан.
Хабарда видеодаги шахс туман электр тармоқлари корхонаси ходими эмаслиги, таъмирлашни истеъмолчига хизмат кўрсатувчи хусусий компания ходимлари амалга ошираётгани таъкидланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги «икки нафар йигит турли даражадаги куйиш тан жароҳати олгани ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини» маълум қилди.
Жабрланганларнинг аҳволи ҳақида маълум қилинмаган.

