Маҳаллий

Тошкентда тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 200 млн сўмга оширилади

Тошкентда бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 200 млн сўмга оширилади

Тошкентда бизнес бошлаш ниятидаги тадбиркорлар учун гаровсиз кредит миқдори 200 млн сўмга кўтарилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Маҳаллаларда кичик бизнес ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун янги имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларини савдо ва сервис фаолиятига мослаштириш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 млн сўмдан 200 млн сўмга оширилади.

Олмазор туманида ушбу имкониятлардан фойдаланиб, жорий йилнинг ўзида 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва мингта иш ўрни яратиш белгиланди. Мазкур тажрибани пойтахтнинг бошқа туманларига ҳам ёйиб, йил якунигача 20 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мискин ва Иброҳим ота маҳаллалари ҳудудидаги 305 гектар саноат зонасида 504 та тадбиркорлик обьекти мавжуд. Уларнинг аксарияти 1-2 қаватли биноларда жойлашгани сабабли ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бу ерда иш ўринларини ҳозирги 35 мингтадан 100 мингтага, экспорт ҳажмини эса 600 млн долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорларга саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби қулай молиявий инструментларни таклиф этиш орқали саноат ҳудудида юқори қўшилган қиймат яратадиган янги лойиҳаларни бошлаш белгиланди.

Олмазор туманида меҳнат бозори талаби билан кадрлар тайёрлаш тизими ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Бугун тумандаги иш берувчиларга 4 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли ҳамда қарийб минг нафар махсус маълумот талаб этилмайдиган йўналишларда ищи кучига эҳтиёж мавжуд.

Шу боис, Олмазор касбий кўникмалар маркази негизида ахборот технологиялари ва илғор инновациялар бўйича 400 ўринли техникум, собиқ Тошкент архитектура-қурилиш коллежи биносида замонавий касб-ҳунар маркази ташкил этилади. Бошқа мавжуд бинолардан ҳам касбга ўқитиш мақсадида самарали фойдаланилади.

Хориж меҳнат бозорига мақсадли тайёргарликни кучайтириш учун Германиянинг хусусий ўқув марказлари билан 500 кишига мўлжалланган немис тили курсларини ташкил этиш, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини тайёрлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Германия, Япония, Корея ва Буюк Британиядан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш, Франсия компаниялари билан йилига 1,5 минг нафар фуқарони мавсумий ишларга жойлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Ёшлар шаҳарчасида 42 гектар майдонда ИТ-парк, юқори технологияли саноат ва таълим обьектларини бирлаштирган инновацион кластерни ташкил этиш ишларини йил якунига қадар бошлаш вазифаси қўйилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.