Тошкентда ширинликлар ниқоби остида тарқатилган гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқаришга чек қўйилди

Тошкентда ширинликлар ниқоби остида тарқатилган наркотикларни ишлаб чиқаришга чек қўйилди
Тошкентда тақиқланган моддалар нафақат ишлаб чиқарилган ва қадоқланган, балки ташқи кўринишидан оддий ширинликларга ўхшаш маҳсулотлар билан аралаштирилган нарколаборатория аниқланди. Мусодара қилинганлар орасида — гашиш мойи солинган печенье, наркотик таркибли мармелад ўрамлари ва деярли олти килограмм бошқа наркотик моддалар бор.
Операция ИИВ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилди. Дастлаб Яшнабод туманида Тошкент шаҳрида яшовчи 24 ёшли фуқаро ушланди, ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, у наркотиклар сотувчи интернет-дўконнинг закладчиги (яшириб кетувчиси) бўлган. Унинг ёнидан умумий оғирлиги 74 грамм бўлган 58 та гашиш мойи ўрами топилди.
Кейинги текширув давомида тезкор ходимлар унинг эҳтимолий шериги — ўша интернет-дўкон омбори ходимининг изига тушдилар. Чилонзор туманидаги Дўмбрабод маҳалласида ижарага олинган хонадонда наркотикларни ишлаб чиқариш ва қадоқлаш лабораторияси топилди.
У ерда 1,5 килограмм гашиш мойи қўшилган печенье, тўртта наркотик таркибли мармелад ўрами, 3,5 килограмм гашиш мойи ва 600 грамм гашиш аниқланди. Бундан ташқари, умумий оғирлиги 350 грамм бўлган гашиш мойи ва унинг гашиш билан аралашмаси солинган 361 та ўрам мусодара қилинди.
Хонадонда, шунингдек, наркотикларни ишлаб чиқариш ва қадоқлаш учун ускуналар ва материаллар: шприцлар, тарозилар, қўлқоплар, пакетлар, изолента ва 500 та бўш флакон бўлган.
ИИВ маълумотларига кўра, мусодара қилинган наркотик моддаларнинг умумий оғирлиги салкам олти килограммни — 19,2 минг дозадан ортиқни ташкил этади.
Наркотикларнинг ноқонуний муомаласи учун жазони назарда тутувчи 273-модда 6-қисмининг "а" банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
ИИВ огоҳлантиради: наркотик моддалар одатий маҳсулотлар ва ширинликлар ниқоби остида яшириниши мумкин.
Аввалроқ Тошкент вилоятида "Тошкент-Аэро" божхона комплекси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ширинликлар ниқоби остида синтетик наркотикларни олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинган эди.

