Маҳаллий

Тошкентда қурилаётган уйда олти кишининг мурдаси топилди. Улар ис газидан заҳарланган бўлиши мумкин

Мирзо Улуғбек туманида 6 киши, тахминларга кўра, газдан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди. Яна икки киши шифохонага ётқизилган. Ҳолат қурилаётган икки қаватли ҳовлида содир бўлган. Ҳодиса сабаби ва тафсилотларига аниқлик киритилмоқда. Аҳоли ФВВ хонадонларни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Тошкентда қурилаётган уйда олти кишининг жасади топилди. Улар ис газидан заҳарланган бўлиши мумкин

25-октабр куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида, дастлабки маълумотларга кўра, газдан заҳарланиш оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмди.

Идора маълумотига кўра, соат 09:53 да “112” хизматига Алишеробод маҳалласи Анайбулоқ кўчасидаги хонадонда тўққиз киши ҳушсиз ҳолатда топилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Воқеа 8 сотих майдонга эга, қурилаётган икки қаватли уйда юз берган. Хабарда ушбу обьект табиий газ билан таъминлангани қайд этилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, олти киши номаълум этиологияли заҳарланиш сабаб вафот этган. Яна икки нафар жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Марказ 25-октабр куни Газетаъга беморлар реанимацияда эканини тасдиқлаган. Тўққизинчи шахснинг аҳволи ўша пайтда қониқарли деб баҳоланган.

Эълон қилинган рўйхатга кўра, ҳалок бўлганлар 1982, 2008, 2008, 2004, 2000 ва 2000-йилларда туғилган эркаклар бўлиб, шифохонага олиб кетилган жабрланувчилар эса 2000 ва 2008-йилларда туғилган.

Рўйхатда кўрсатилган вафот этган ва жабрланган саккиз кишининг барчаси Қорақалпоғистоннинг Амударё ва Элликқалъа туманларида яшаган.

Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар ходимлари етиб борган. ИИВ маълумотига кўра, суд-тиббий экспертизаси тайинланган ва терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

25-октабрдан бери Газета Бош прокуратура ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан содир бўлган ҳодиса сабаблари ҳамда текширув жараёни ҳақида расмий изоҳ олишга уринмоқда, бироқ материал чоп этилган вақтгача идоралардан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шу орада Алишеробод маҳалласида яшовчи фуқаро ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ФВВ ходимлари томонидан хонадонларни профилактик кўздан кечириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.

Аҳоли айтишича, ФВВ ходимларидан бири ана шу кўрик пайтида тадбирлар “фавқулодда вазиятлар вазирининг шахсий топшириғи” билан ўтказилаётганини айтган. Унинг сўзлари ёзилган аудиоёзув таҳририятга тақдим этилган.

Аҳолининг хабар беришича, ёзувда ходим Тошкентдаги маҳаллалардан бирида ўзидаёқ 12 киши ис газидан заҳарланганини ҳам айтган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.