Тошкентда автобус эшикларини очиқ қолдириб ҳаракатланиш ҳайдовчига жарима билан якунланди

Тошкентда автобус эшикларини очиқ қолдириб ҳаракатланиш ҳайдовчининг жаримага тортилиши билан якунланди
Тошкентда автобус эшикларини очиқ қолдириб ҳаракатлангани учун ҳайдовчи иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жаримага тортилди. Қоидабузарлик ижтимоий тармоқларда йўловчилар хавфсизлиги талабларига риоя қилинмагани ҳақидаги хабар тарқалганидан кейин аниқланди.
«Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, воқеа 4 октябрь куни содир бўлган. Ҳайдовчи ҳаракат давомида техник соз бўлган автобусни эшикларини ёпмасдан бошқарган ва шу тариқа лавозим йўриқномаси талабларини бузган.
Текширув натижаларига кўра, ҳайдовчига нисбатан интизомий чора кўрилди. 5 октябрдаги буйруққа асосан, унинг иш ҳақидан 10 фоиз миқдорида жарима ушлаб қолинади.
Компанияда йўловчилар хавфсизлиги ва автобуслардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши доимий назоратда экани таъкидланди. Бундан ташқари, бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчилар томонидан ўз вазифалари бажарилиши устидан назорат кучайтирилди.
12-автобус саройи раҳбарияти йўловчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўради.

