Тошкентда 2030 йилга келиб метро бекатлари сонини 79 тага етказиш режалаштирилмоқда

Тошкентда 2030 йилга бориб метро бекатлари сонини 79 тага етказиш ниятидалар
2030 йилга бориб Тошкент метрополитени тармоқни 79 та бекатгача кенгайтириш, йўналишлар узунлигини 103 километргача ошириш ва кунлик йўловчи оқимини 1,8 миллион кишига етказишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда пойтахт метросини ривожлантиришга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Ҳозирги вақтда Тошкент метросида 50 та бекат мавжуд бўлиб, йўналишларнинг умумий узунлиги 71 километрни ташкил этади.
Шунингдек, поездлар ҳаракат интервалини икки-уч дақиқагача қисқартириш режалаштирилган. Йўловчи оқими ҳозирги 1,2 миллиондан ортиқ кишидан кунига 1,8 миллион кишигача ошиши кутилмоқда.
Метрополитеннинг кенгайиши пойтахт аҳолисининг ўсиши, шаҳар ҳудудининг ривожланиши ҳамда янги турар жой ва саноат районларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Дастур доирасида янги участкаларни қуриш, ҳаракатдаги таркибни янгилаш, рақамли технологияларни жорий этиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Ўтган етти йил ичида пойтахт метроси 21 та бекат билан бойиди, йўналишлар узунлиги эса 33 километрга ортди. Кунлик йўловчи оқими 2021 йилдаги 280–300 минг кишидан 2026 йилга келиб 1,2 миллиондан ортиқ кишига етди.

