Тошкент вилоятида маҳалла аҳолиси ҳокимга жамоавий мурожаат йўллади

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Мустақиллик» маҳалласи аҳолиси вилоят ҳокими Зоир Мирзаев, депутатлар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига жамоавий мурожаат йўллади. Мурожаатга А-373 автомобиль йўлининг 10-километридаги қайрилиб олиш жойи ёпилгани сабаб бўлган, бу эса маҳаллий аҳоли ва ҳайдовчилар учун жиддий қийинчиликларни юзага келтирган.
Аҳолининг ҳисоб-китобларига кўра, қайрилиб олиш жойи ёпилганидан кейин транспорт воситалари қарийб 7,3 километр узунликдаги қўшимча айланиб ўтиш йўлини босиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу ортиқча ёқилғи сарфи, қўшимча молиявий харажатлар, вақт йўқотилишига олиб келмоқда ҳамда маҳаллага кириш ва чиқишни қийинлаштирмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар Илғор кўчасидан чиқиш жойида пиёдалар учун хавф-хатарлар мавжудлигини, у ерда айрим ҳайдовчилар йўл бермай, болалар ва кексалар ҳаётига таҳдид солаётганини кўрсатиб ўтишган.
Шу муносабат билан аҳоли мутасадди ташкилотлардан воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишни, қайрилиб олиш жойи ёпилишининг ҳуқуқий ва техник асосларини тушунтиришни, шунингдек, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда уни қайта очиш имкониятини кўриб чиқишни сўрамоқда. Муқобил вариант сифатида фуқаролар ушбу ҳудудда светофор ўрнатиш, хавфсиз пиёдалар ўтиш жойини жиҳозлаш ва зарур йўл белгиларини жойлаштиришни таклиф қилмоқдалар.

