Маҳаллий

Тошкент вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш такомиллаштирилмоқда

Халқ қабулхонасида мурожаатларни таҳлил қилиш ва ҳисоботларни юритиш учун диагностика маркази ҳам ташкил этилган

Тошкент вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилмоқда. 13-август куни вилоят Халқ қабулхонасида ташкил этилган медиа-тур давомида ушбу тизимдаги янгиликлар, жорий йилнинг биринчи ярмидаги мурожаатлар статистикаси ҳамда фуқаролар муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, вилоят Халқ қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатларини қулай тарзда баён этиши ва қабулга кириши учун замонавий усулда ташкил этилган. Шунингдек, вилоятдаги вазиятни онлайн кузатиш, маҳаллалардан келиб тушаётган шошилинч мурожаатларга тезкор жавоб бериш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида вилоят вазиятлар маркази ҳам шу ерда фаолият юритади.

Бинонинг кириш қисмида фуқароларни сунъий интеллект голограммаси кутиб олади. У савол берувчиларга ҳуқуқий маслаҳат бериш билан бирга, мурожаатчини тегишли мутахассисга йўналтиради. Электрон навбат олишда қийналган фуқароларга Халқ қабулхонаси мутахассислари ёрдам беради. Фуқаролар инфокиоск орқали вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари қабулига ёзилиши, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларга видеомурожаат қолдириши мумкин.

Халқ қабулхонасида мурожаатларни таҳлил қилиш ва ҳисоботларни юритиш учун диагностика маркази ҳам ташкил этилган. Зарур ҳолларда муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш учун мутахассислар, "маҳалла еттилиги" аъзолари ва ёшлар вакилларидан иборат ищи гуруҳлар тузилади.

Маълумот ўрнида, Президентнинг 2026-йил 1-апрелдаги "Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-51-сонли Фармони билан мурожаатлар билан ишлаш тизимида янги тартиблар жорий этилмоқда. Жумладан, 1-майдан бошлаб мурожаатлар "шошилинч", "одатий" ва "маслаҳат талаб қилувчи" тоифаларга ажратилиб, уларнинг ижроси устидан вақт назорати ўрнатилди. Давлат органларининг рейтинги ҳам мурожаатларни ҳал этиш самарадорлиги асосида очиқ эълон қилиб борилмоқда.

Эндиликда фуқаро билан гаплашмасдан туриб мурожаатни ёпиб қўйишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, тез орада мурожаатчига унинг мурожаати қайси босқичда экани, ким томонидан кўриб чиқилаётгани ва натижаси ҳақида СМС-хабарнома юбориш хизмати ишга туширилиши режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.