Тошкент ва Хитой компаниялари инвестицион лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент шаҳар ҳокимиятида Гуандун ва Шэньчжэнь делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар туризм, HoReCa ва саноат соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Тошкент ва Хитой компаниялари инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитойнинг Гуандун провинцияси ва Шэньчжэнь шаҳри ишбилармон доиралари вакиллари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда Чжу Тун бошчилигидаги делегация иштирок этди. Пойтахт томонидан Тошкент шаҳар ҳокимининг Хитой билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Элдор Холматов, шунингдек, шаҳар туризм, инвестициялар, саноат ва савдо бошқармалари ходимлари қатнашди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири туристик инфратузилма ва меҳмонхона ҳамда ресторан бизнесини бирлаштирувчи HoReCa секторини ривожлантириш бўлди.
Хусусан, томонлар меҳмонхона ва ресторанлар учун профессионал ошхоналарни лойиҳалаш, углерод чиқиндилари паст ва чиқиндисиз технологияларга эга замонавий ускуналарни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, саноат музлатгич қурилмалари ва нон ёпиш тармоқларини қўллаш, шунингдек, интеллектуал саноат паркларини ташкил этишда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Тошкент ҳамда Гуандун ва Шэньчжэньнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

