Тошкент ва Самарқанд ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди
Тошкент ва Самарқанд БМТнинг ФАО Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди. Бу яшилроқ, соғломроқ, барқарор ва инклюзив шаҳар муҳитини яратиш устида иш олиб бораётган шаҳарларнинг глобал ҳамжамиятидир. Яқин орада шаҳарлар дастлабки баҳолашдан ўтиши керак.

Тошкент ва Самарқанд ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига кирди
Тошкент ва Самарқанд Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Яшил шаҳарлар тармоғининг иштирокчиларига айланди. Сертификатлар 20 август куни ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳи ҳузуридаги «Яшил шаҳарлар» ташаббуси котибияти томонидан топширилди.
Тармоқ янада яшил, соғлом, турли синовларга чидамли ва инклюзив шаҳар муҳитини яратиш устида биргаликда ишлайдиган бутун дунёдаги шаҳарларни бирлаштиради. У шаҳарларни кўкаламзорлаштиришга комплекс ёндашувлар орқали шаҳарларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади ва иштирокчи шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, деб хабар берди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам маълум қилди.
Тармоқ учта асосий йўналиш бўйича комплекс ечимлар ва стратегияларни илгари суради: шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги; шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги; барқарор биоиқтисодиёт.
«ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқандга техник кўмак олиш ва салоҳиятни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашиш, муниципалларлараро ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш, тегишли глобал ҳадли ҳужжатлар ва экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлашда ёрдам олиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар қилиш ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, шаҳарсозликни ривожлантириш соҳасида барқарор ечимларни илгари сурувчи етакчи шаҳарлар сифатида халқаро миқёсда танилишини ошириш имкониятларини тақдим этади», — дейилади хабарда.
«Яшил шаҳарлар» ташаббуси 2020 йилда йўлга қўйилган бўлиб, 2030 йилгача дунёнинг 1000 та шаҳрида шаҳар аҳолисининг саломатлиги ва фаровонлиги, шунингдек, атроф-муҳит ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган.
Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик Яшил шаҳарлар коммюникесига, шунингдек, ФАОнинг яшил шаҳарларга оид тамойиллари ва мезонларига асосланади. Коммюнике 2025 йилда яшил шаҳарлар бўйича биринчи Халқаро конференцияда тақдим этилган. У янада яшил шаҳарлар учун глобал ҳаракатни ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни акс эттиради.
Тармоқдаги иштирокнинг биринчи босқичида «Яшил шаҳарлар» ташаббуси котибияти Тошкент ва Самарқандга дастлабки ўз-ўзини баҳолашни ўтказиш бўйича қўшимча тавсияларни тақдим этади. Бу жараён ҳар бир шаҳар учун устувор йўналишларни белгилаш ва унинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда техник ёрдамни шакллантириш имконини беради.

