Маҳаллий

Тошкент ва Самарқанд ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди

Тошкент ва Самарқанд БМТ ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди. Бу янада яшил, соғлом, хавф-хатарларга бардошли ва инклюзив шаҳар муҳитини яратиш устида ишлаётган шаҳарларнинг глобал ҳамжамияти ҳисобланади. Яқин орада шаҳарлар дастлабки баҳолашдан ўтиши керак.

Тошкент ва Самарқанд ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди

Тошкент ва Самарқанд БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Яшил шаҳарлар тармоғига аъзо бўлди. Сертификатлар 20-август куни ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида жойлашган “Яшил шаҳарлар” ташаббуси котибияти томонидан топширилди.

Мазкур тармоқ янада яшил, соғлом, турли хавф-хатарларга бардошли ва инклюзив шаҳар муҳитини шакллантириш йўлида ҳамкорлик қилувчи шаҳарларнинг глобал ҳамжамияти ҳисобланади. ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, у шаҳарларни кўкаламзорлаштиришга комплекс ёндашув орқали шаҳарларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади ҳамда иштирокчи шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгаришиси миллий қўмитаси ҳам маълум қилди.

Тармоқ учта асосий йўналиш бўйича комплекс ечимлар ва стратегияларни илгари суради: шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги; шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги; барқарор биоиқтисодиёт.

“ФАОнинг Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқандга техник ёрдам олиш ва салоҳиятни ошириш, билим ва тажриба алмашиш, шаҳарлараро ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш, амалдаги глобал рамкавий ҳужжатлар ва экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлашда кўмак олиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар қилиш ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, шаҳар ривожланиши соҳасида барқарор ечимларни илгари сурувчи етакчи шаҳарлар сифатида халқаро майдонда танилишини ошириш имкониятларини тақдим этади”, — дейилади хабарда.

“Яшил шаҳарлар” ташаббуси 2020-йилда йўлга қўйилган бўлиб, 2030-йилга келиб дунёнинг 1000 та шаҳрида аҳоли соғлиғи ва фаровонлигини, шунингдек, атроф-муҳит ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган.

Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик “Яшил шаҳарлар коммуникеси”га ҳамда ФАОнинг яшил шаҳарларга оид тамойиллари ва мезонларига асосланади. Коммунике 2025-йилда бўлиб ўтган Яшил шаҳарлар бўйича биринчи халқаро конференсияда тақдим этилган. У янада яшил шаҳарлар учун глобал ҳаракатни ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни акс эттиради.

Тармоқдаги иштирокнинг биринчи босқичида “Яшил шаҳарлар” ташаббуси котибияти Тошкент ва Самарқандга дастлабки ўзини ўзи баҳолашни ўтказиш бўйича қўшимча тавсияларни тақдим этади. Бу жараён ҳар бир шаҳар учун устувор йўналишларни белгилаш ва уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда техник ёрдамни шакллантириш имконини беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.