Тошкент ва Наманганда иккита товламачилик ҳолатига чек қўйилди. Видео

Тошкент ва Наманганда иккита товламачилик ҳолатига чек қўйилди. Видео
Тошкент ва Наманганда фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб, уч киши қўлга олинди. Улардан бири пул эвазига фуқарони ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган, қолган икки нафари эса нотурар жой биноси эгасидан электр ҳисоблагичдаги носозлик бўйича далолатнома тузмаслик учун пул талаб қилган.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Биринчи эпизод пойтахтда аниқланди. Департаментнинг Миробод тумани бўлими ходимлари Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан ҳамкорликда бошқа бир шахснинг қариндошини 4 минг доллар эвазига ички ишлар органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган эркакка нисбатан тезкор тадбир ўтказди. У келишилган сумманинг ярми — 2 минг долларни олаётганда қўлга олинди.
Иккинчи ҳолат Наманганда содир бўлган бўлиб, энергетиклар фаолияти билан боғлиқ. Департамент маълумотларига кўра, "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти "Энергосотув" филиали Янгинаманган тумани бўлими бошлиғи ва устаси "Гўзал" маҳалласида жойлашган нотурар жой биноси эгасига у ерда ўрнатилган электр ҳисоблагич гўёки носоз эканини айтишган.
Тергов талқинига кўра, ходимлар ушбу қоидабузарлик учун далолатнома тузилиши ва 300 миллион сўм миқдорида жарима солиниши ҳақида огоҳлантирган. Бунинг эвазига улар 4 минг доллар эвазига ҳужжатни расмийлаштирмасликни таклиф қилишган. Эркаклар бино эгасидан 2,5 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди.
Иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

