Тошкент ва Маврикий илк бор тўғридан-тўғри авиарейслар орқали боғланади

Тошкент ва Маврикий илк бор тўғридан-тўғри авиарейслар орқали боғланади
Ушбу йўналишнинг йўлга қўйилиши ҳақида Ўзбекистон ва Маврикий туристик бизнеси вакиллари ўртасидаги икки томонлама очиқ мулоқот давомида маълум бўлди. Январь ойидаги илк парвоздан сўнг яна тўртта рейс амалга оширилиши, 2027 йилнинг июнь ойидан бошлаб эса ҳафтада бир марта мунтазам парвозларга ўтиш режалаштирилган.
Тўғридан-тўғри алоқа пайдо бўлгунга қадар ўзбекистонлик йўловчилар оролга асосан Дубай ёки Истанбул орқали трансфер билан етиб боришарди. Парвозлар орасидаги кутишларни ҳисобга олганда, бутун йўл тахминан 14–17 соат давом этарди. Эндиликда йўлга кетадиган вақт тахминан икки бараварга қисқаради: Тошкентдан Маврикийга тўғридан-тўғри парвоз тахминан 8,5 соатни ташкил этади.
Қарама-қарши йўналишдаги сайёҳлар оқими шу пайтгача жуда кам бўлиб келаётган эди. Бунга тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири тўғридан-тўғри транспорт қатновининг йўқлиги эди: сайёҳлар трансферли мураккаб ва узоқ давом этадиган йўналишларни танлашга мажбур бўлишарди.
Янги йўналишдан транзит ташишлар учун ҳам фойдаланиш режалаштирилмоқда. Келажакда Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан келаётган йўловчилар Тошкент орқали Маврикийга учишлари мумкин бўлади.

