Тошкент шаҳри ва вилоятида 500 млн сўмлик ноқонуний дорилар айланмасига чек қўйилди

Тошкент шаҳри ва вилоятида умумий қиймати 500 миллион сўмга тенг бўлган ноқонуний дори воситалари савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида божхона, хавфсизлик ва ички ишлар ходимлари томонидан кузатувга олинган автомобил тўхтатилди. Текширув натижасида фуқаронинг сумкасидан хорижда ишлаб чиқарилган, ҳужжациз ва сифати кафолатланмаган икки турдаги 60 дона дори воситаси топилди.
Қидирув ишлари давом эттирилиб, гумонланувчининг ижарада яшаётган хонадони кўздан кечирилди. Натижада уйда чет элда ишлаб чиқарилган, ҳужжациз 24 номдаги жами 1 211 дона дори воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, гумонланувчининг фарзандига тегишли Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги хонадон ҳам текширилди. У ердан хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган уч номдаги жами 9 590 дона дори воситаси топилди.
“Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 29 номдаги 10 861 дона дори воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 500 миллион сўмни ташкил этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилоятида яна бир шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Навоий чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга пиёда кириб келган фуқаро божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, кўрикдан ўтказилди. Фуқаронинг оёқ қисмларига яширилган 80 та қутидаги дори воситалари борлиги аниқланди. Дориларнинг тахминий қиймати 20 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда 577 миллион сўмлик ҳужжациз ва сифати кафолатланмаган дори воситалари аниқланганди.

