Тошкент метросида тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати оралиғи қисқартирилди. Видео

Тошкент метросида тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати оралиғи қисқартирилди. Видео
Янги ўқув йили бошланиши билан Тошкент метрополитенида тиғиз вақтларда иш кучайтирилди. Барча йўналишларда поездлар орасидаги вақт оралиғи қисқартирилди, станцияларда эса ходимларнинг қўшимча навбатчилиги жорий этилди.
Интервалларнинг қисқартирилиши эрталабки ва кечки соатларда йўловчилар оқимининг кутилаётган ўсиши билан боғлиқ. Энди Чилонзор йўналишида поездлар 1,5–2 дақиқалик, Ўзбекистон йўналишида — уч дақиқагача, Юнусобод йўналишида — тўрт дақиқагача, ер усти ҳалқа йўналишида эса 7–8 дақиқалик оралиқ билан ҳаракатланмоқда.
Станцияларда ҳам қўшимча чоралар кўрилди. Тиғиз вақтларда барча 50 та станцияда метрополитен раҳбарлари ва масъул ходимлари навбатчилик қилмоқда. Улар йўловчилар оқимини назорат қилади, йўловчиларга ёрдам беради ва зарурат туғилганда юзага келган вазиятларга тезкорлик билан муносабат билдиради.
Юклама ортиши кутилаётган «Чилонзор», «Пахтакор», «Амир Темур хиёбони», «Алишер Навоий» ва «Беруний» станцияларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Метрополитенда ҳаракат жадвали йўловчилар оқимини ҳисобга олган ҳолда тузатиб борилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, 7 сентябрдан бошлаб Тошкентда талабаларга қулайлик яратиш мақсадида «Мирзо Улуғбек метро бекати – ЎзДЖТУ» вақтинчалик автобус йўналиши иш бошлади.

