“Тошкент келажаги ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор ва таҳлилни талаб қилмоқда” — Саида Мирзиёева

“Тошкент келажаги ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор ва таҳлилни талаб қилмоқда” — Саида Мирзиёева
Саида Мирзиёева Тошкент шаҳри жуда тез суръатларда кенгайиб бораётганини, шаҳарсозлик ва экологияга оид бугунги ҳолатни ҳисобга олганда, унинг келажаги ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор ва таҳлилни талаб қилишини айтди.
Президент администрацияси раҳбарининг маълум қилишича, шу мақсадда қатор йирик меъморий лойиҳалар ташаббускорлари, мустақил мутахассислар ва урбанистлар, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказилган.
“Биргаликда ечим топишимиз керак бўлган масалалар талайгина – муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий обьектлар зиммасига катта юк тушаётганидан тортиб, электр ҳамда сув таъминоти муаммоларигача”, деди Саида Мирзиёева.
У янги қурилишлар шаҳар тараққиётига хизмат қилиши, қўшимча номутаносибликларни юзага келтирмаслиги ва ҳудудий тизимларга ортиқча босим бермаслиги кераклигини таъкидлади.
“Олдимизда турган мақсадлар улкан, биз Тошкентни ҳар бир юртдошимиз ҳамда шаҳримиз меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз масканга айлантириш ниятида бўлган бизнес вакилларига кўмаклашамиз. Айнан шундай ёндашув Янги Ўзбекистон сиёсатига тўла мос келади. Чунки бундай ташаббускор бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – президентимиз томонидан зиммамизга юклатилган энг асосий вазифалардан биридир”, деди Саида Мирзиёева.
Президент администрацияси раҳбари июл ойи охирларида қурилишлар сабаб пойтахтдаги умумий ҳовлилар, ўйин ва спорт майдончалари таг-туги билан йўқ қилиб юборилаётганини танқид қилганди. Тошкентдаги ноқонуний қурилишлар бўйича масъулларга қатъий топшириқ берганди.

