Тошкент ҳокимлиги «Салар» тозалаш иншоотларидан келаётган нохуш ҳид бартараф этилганини маълум қилди
Тошкентдаги «Салар» оқова сув тозалаш иншоотида 9,5 миллиард сўмлик ҳавони филтрлаш тизими ўрнатилди. Пойтахт ҳокимлиги оқова сув ҳавзалари герметизация қилинганини, тозаланган ҳаводаги водород сулфид ва аммиак концентрацияси эса энди нолга тенг эканини маълум қилди. Ускуна икки ҳафтадан ортиқ вақтдан бери ишламоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Салар» оқова сув тозалаш иншоотидан таралаётган нохуш ҳид бартараф этилганини маълум қилди
«Салар» оқова сув тозалаш иншоотида нохуш ҳидни йўқотиш учун қиймати 9,5 млрд сўмлик фильтрлаш ускуналари ўрнатилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Пойтахт маъмурияти маълумотларига кўра, оқова сув ҳавзалари герметик ёпилган, ҳаво эса фильтрлар орқали тозаланмоқда.
«Ускуналар ишлаётганига 15 кундан ошди. Натижада иншоот атрофидаги нохуш ҳид йўқолди. Буни яқин атрофдаги ҳудудлар аҳолиси ҳам тасдиқламоқда», — дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарида.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» бош технологи Дунанбай Казибеков ҳокимлик видеосида маълум қилишича, иккинчи навбатдаги тозалаш иншоотига Сергели, Янгиҳаёт, Миробод ва Яшнобод туманларидан оқова сувлар келиб тушади. Тозалаш ускуналари Россиядан олиб келинган.
Ходим, шунингдек, тозалаш тизимининг ишлаш принципини тушунтириб берди.
«Вентилятор ёрдамида ҳаво тортиб олинади. У ерда 11,5 тонна миқдорида каталитик сорбент деб аталадиган материал ўрнатилган. Ультрабинафша нурланиш ҳавони озонлаш ва оксидлаш имконини беради. Шундан сўнг у 2,5 тонна миқдоридаги фаоллаштирилган кўмирдан ўтади ва чиқаётган водород сульфид концентрацияси ноль, аммиак ҳам ноль фоизни ташкил этади», — дея тушунтирди Дунанбай Казибеков.
Эслатиб ўтамиз, президент Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги тозалаш иншоотидан таралаётган нохуш ҳидни 1 сентябрга қадар бартараф этиш бўйича топшириқ берган эди.
2021 йил май ойида «Газета» нашри «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонасига таяниб, Сергели туманининг «Ўзгариш» маҳалласида тарқалаётган нохуш ҳиднинг асосий сабаби корхоналар томонидан оқова сувлар ва чиқиндиларнинг аэрация станцияси ҳамда Бўзсув каналига оқизилаётгани экани ҳақида ёзган эди.
Кейинчалик Сенат қўмитаси ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, унда корхоналарнинг маҳаллий оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, шунингдек, бешта кўнчилик заводини Тошкент ташқарисига кўчириш режалаштирилганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, БААнинг Abu Dhabi Sewerage Services Company (ADSSC) компанияси 2024 йил январ ойида Тошкент учун янги оқова сув тозалаш станцияси қурилишини бошлашни режалаштирган эди.
2024 йил август ойида Тошкент вилоятида кунига 1 миллион куб метр оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга янги тозалаш иншооти қурилиши хабар қилинганди. 500 мингдан ортиқ шаҳар аҳолиси ва 100 та корхона марказлаштирилган канализация тизимига уланиши керак. Лойиҳа БАА, Франция ва Япония компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилмоқда.

