Тошкент ГЕОМИН 2026 халқаро конференсиясига мезбонлик қилмоқда

Тошкент ГЕОМИН 2026 халқаро конференсиясига мезбонлик қилмоқда
Тадбир Халқаро геофизиклар жамияти (Сосиетй оф Эхплоратион Геопҳйсисисц — СЕГ) томонидан Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги кўмагида ҳамда иштирокида ташкил этилган.
ГЕОМИН 2026 конференсиясининг асосий мавзуси — “Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология-қидирув ишларини ривожлантириш”.
ГЕОМИН 2026 доирасида 26 мамлакатдан 70 дан ортиқ ташкилот вакиллари қатнашмоқда. Дастурда 100 дан ортиқ тақдимот, 25 та техник сессия, 34 нафар асосий спикер чиқишлари ҳамда юқори даражадаги учта панел муҳокамаси мавжуд.
Конференсиянинг асосий йўналишларидан бири янги конларни излаш самарадорлигини оширишда сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги геологик маълумотлардан фойдаланишдир.
Дастурда энергетик ўтиш, юқори технологияли саноат ва глобал таъминот занжирлари барқарорлиги учун тобора муҳим бўлиб бораётган критик ва стратегик ресурсларга алоҳида эътибор қаратилган. Минерал ресурсларни қидириш ва ўзлаштириш истиқболлари, инвестиция имкониятлари ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
ГЕОМИН 2026 конференсиясининг расмий очилиш маросими 14-сентабр куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Хамидова ҳамда Халқаро геофизиклар жамияти (СЕГ) президенти Роскй Детомо иштирокчиларни қутлади.
ГЕОМИН 2026 дастуридан юқори даражадаги учта панел муҳокамаси ҳам ўрин олган.
Конференсиянинг махсус тадбирларидан бири ГЕОМИН АИ Лабс бўлиб, у сунъий интеллект, маълумотлар билан ишлаш ва геология-қидирув йўналишларини бирлаштирган амалий ташаббусдир. Энг яхши ўнта финалчи конференсия доирасида ўз ишланмалари ва ечимларини тақдим этади.
ГЕОМИН 2026 конференсиясининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатда геология ва тоғ-кон саноатида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Геология-қидирув ишларида аерогеофизика, масофадан зондлаш, геодинамик моделлаштириш, сунъий интеллект ва машинавий ўқитиш технологияларидан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда.
Дастур доирасида Қалмоққир мис конига техник ташриф ҳам кўзда тутилган. Унда иштирокчилар коннинг геологик тузилиши, геология-қидирув ишларида қўлланилаётган ёндашувлар ҳамда кончилик жараёнлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
ГЕОМИН илк бор 2025-йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилган.

