Тошкент автобуслари 15 сентябрь куни рекорд даражадаги йўловчи ташиди
15 сентябрь куни Тошкент автобусларидан 1,52 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланди — бу барча даврлардаги рекорд кўрсаткичдир. Бундан олдинги рекорд 5 февраль куни қайд этилган бўлиб, унда 1,4 миллион йўловчи ташилган эди. Метрода эса 1,16 миллион йўловчи ташилган.

15 сентябрь куни Тошкент автобуслари йўловчи ташиш бўйича янги рекордни ўрнатди — 1 520 113 киши, деб хабар берди Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази. Бу кўрсаткич 5 февраль куни қайд этилган ва 1 410 549 йўловчи ташилган аввалги рекорддан 109 564 йўловчига ёки 7,8 фоизга кўпдир.
Ушбу кунда 170 та йўналишда 1675 та автобус хизмат кўрсатиб, 22 174 та қатновни амалга оширди.
Тошкент метрополитени 15 сентябрь куни 1 160 612 йўловчи ташиди. Энг катта йўловчи оқими «Чинор», «Сергели», «Чоштепа», «Олмазор», «Чилонзор», «Буюк ипак йўли», «Дўстлик» ва «Беруний» станцияларида кузатилди.
«Жамоат транспортини танлаш — бу пойтахт кўчаларидаги тирбандликни камайтириш, экологияни асраш ва вақтни тежашга қўшилган ҳиссадир», — дейилади шаҳар Транспорт бош бошқармаси хабарида.

