Тоқаев Қозоғистонда бойлар учун солиқ жорий этишни таклиф қилди
Қозоғистон президенти Тоқаев йирик бойлик эгалари учун оширилган солиқ ставкасини жорий қилишни таклиф этди. Унинг таъкидлашича, гап қонуний йўл билан орттирилган активларни чеклаш ҳақида эмас, балки фуқароларнинг мамлакат тараққиётига қўшадиган ъмутаносиб ва ҳалол ҳиссасиъ ҳақида кетмоқда.

Тоқаев Қозоғистонда бадавлатлар учун солиқ жорий этишни таклиф қилди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукумат ва парламентга йирик бойлик эгалари учун юқорироқ солиқ ставкасини жорий этиш масаласини ўрганиб чиқишни топширди.
“Йирик бойлик эгалари учун оширилган ставкани жорий қилишни муҳокама этиш вақти келди деб ҳисоблайман”, — деди Тоқаев 28-октабр куни халққа йўллаган мурожаатида.
“Таъкидлаб ўтаман, ҳеч ким қонуний орттирилган активларни қандайдир тарзда чекламоқчи эмас. Бунинг ўзи Конституцияга зид бўлар эди. Гап ҳар бир фуқаронинг мамлакатимиз тараққиётига қўшадиган мутаносиб, ҳалол ҳиссаси ҳақида кетмоқда. Гап адолат ҳақида кетмоқда”, — дея қўшимча қилди у.
2026-йилдан бошлаб Қозоғистонда жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича прогрессив шкала амал қилади. Йилига 36 миллион тенгегача (тахминан 79 минг доллар) бўлган даромадга 10 фоизли ставка қўлланади, ушбу миқдордан ошган қисмига эса 15 фоизли ставка татбиқ этилади.
Қозоғистон раҳбари, шунингдек, солиққа тортиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш зарурлигини қайд этди. “Солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва коррупсия хавфларини камайтириш учун илғор технологиялар, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш зарур”, — деди у.
Бундан ташқари, Тоқаев ҳукуматга янги Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритишни топширди. “Солиқ кодекси догма ёки муқаддас битик эмас, у ҳаётдан узилиб қолмаслиги лозим. Шу сабабли қарама-қаршиликларни бартараф этиш, нормаларнинг турлича талқин қилинишига барҳам бериш, номутаносибликлар ва тадбиркорларга ортиқча юкламани олиб ташлаш зарур”, — деди у.

