Ўзбекистонда солиқ пеняси миқдорини қарздорлик суммаси билан чеклаш режалаштирилмоқда
Депутатлар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня ҳисоблашни асосий қарз суммасидан оширишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Ҳужжатда, шунингдек, камерал текширувда аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгандан сўнг ҳисобварақлар бўйича чекловларни автоматик равишда олиб ташлаш назарда тутилган.

Ўзбекистонда солиқ пеняси миқдорини қарз суммаси билан чеклаш ният қилинмоқда
Ўзбекистонда солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пеня асосий солиқ қарзи суммасидан юқори бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги нормани мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Ушбу тузатиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 27 октябрдаги биринчи ўқишда маъқулланган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилган.
Ҳужжатни тақдим этар экан, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров солиқ маъмуриятчилигида таклиф этилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
«Белгиланган муддатда тўланмаган солиқ суммасига ҳисобланадиган пеня тўланмаган солиқ суммасидан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги қоида жорий этилмоқда», — деди вазир ўринбосари.
Ушбу нормани жорий этиш май ойи бошида президент ҳузурида муҳокама қилинган эди.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, агар солиқ тўловчи камерал текширув якунлари бўйича сўралган тушунтиришларни ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этган бўлса, солиқ органлари томонидан унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни автоматик равишда бекор қилиш назарда тутилган.
Қонунчилик палатасида маълум қилишларича, ушбу чора бизнес учун маъмурий чекловларни камайтиришга қаратилган.
Бундан ташқари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари орқали солиқларни тўлашда комиссияни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Ҳужжатда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятларини, шу жумладан бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини қўллаган ҳолда кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Хусусан, кўчмас мулк ижараси шартномаларини объект жойлашган жойдаги солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини аниқлаштириш, шунингдек, белгиланган тартибда аниқланган йирик солиқ тўловчилар учун ҚҲСни тезлаштирилган тарзда қайтаришни қўллашни кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Муҳокама якунлари бўйича депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватладилар. Кучга киришидан олдин ҳужжат қонунчилик жараёнининг кейинги босқичларидан ўтиши керак.
Солиқ кодексининг 110-моддасига мувофиқ, пеня солиқ тўлашнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан бошлаб муддати ўтказиб юборилган ҳар бир календарь кун учун ҳисобланади.
Унинг миқдори муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун тўланмаган солиқ суммасидан Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасининг 1/300 қисмини ташкил этади.
Масалан, 14% ставкада ва 10 млн сўмлик солиқ қарздорлигида кунлик пеня тахминан 4667 сўмни ташкил қилади. Ҳисобланган пенялар ҳам солиқ қарздорлиги ҳисобланади ва мажбурий тартибда ундириб олиниши мумкин.
Бунда кодекснинг амалдаги таҳририда умумий пеняни асосий қарз суммаси билан чеклайдиган умумий қоида мавжуд эмас.
Таъкидлаш жоизки, шунга ўхшаш чеклов 2007 йилги Солиқ кодексида назарда тутилган эди. Унинг 120-моддасида пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликдан ошмаслиги белгиланган эди. 2019 йилда қабул қилинган амалдаги кодексда ушбу норма сақланиб қолмаган эди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2026 йил 27 августдаги фармони билан кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси ҳам эълон қилинган эди. У белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда 2026 йил 31 декабргача тегишли солиқ қарздорлиги тўлиқ тўланганда ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқаришни назарда тутади.

