Иқтисодиёт

Ўзбекистонда 2028-йилдан углерод солиғини жорий этиш таклиф қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги институт 2028-йилдан йирик саноат корхоналари учун углерод солиғини жорий этишни таклиф қилди. 2027-йилда эса солиқ ставкаси ва қамровини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини хатловдан ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда 2028-йилдан бошлаб углерод солиғини жорий этиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти томонидан 30-июл куни бўлиб ўтган “Фискал мулоқот”да тақдим этилди.

Институтнинг тақдимотига кўра, ушбу солиқни жорий этишга тайёргарлик босқичи 2027-йилда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу босқич чиқиндиларни хатловдан ўтказиш, солиқ базаси, ставкаси ва тўловчилар доирасини аниқлашни ўз ичига олади. Солиқнинг ўзи эса 2028-йилдан бошлаб дастлаб энг йирик саноат корхоналари учун жорий этилиши, келажакда эса унинг амал қилиш доираси бошқа корхоналарга ҳам кенгайтирилиши мумкинлиги таклиф қилинмоқда.

Солиқ базаси сифатида иккита вариант кўриб чиқилмоқда: углерод диоксиди (ис гази) чиқиндиларининг амалдаги ҳажми ёки истеъмол қилинадиган углерод ёнилғиси ҳажми. 2029-2030-йилларда солиқ ставкаларини олдиндан эълон қилинган жадвал бўйича босқичма-босқич ошириш режалаштирилган. Солиқнинг аниқ параметрлари ҳозирда ишлаб чиқиш босқичида бўлиб, фискал самара 2028-йилдан кутилмоқда.

Институт мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, углерод солиғи чиқиндилар қийматини корхоналар харажатларига киритиш имконини беради. Бу эса компанияларни энергия самарадорлигини оширишга ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга ундайди. Шунингдек, халқаро углерод тартибга солиш тизимининг ривожланиши ҳам ушбу солиқни жорий этишга сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Чиқиндиларга ички нарх белгилаш ўзбекистонлик экспортчиларнинг хорижда углерод йиғимларини тўлаш хавфини камайтириши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бу таклиф таҳлилий характерга эга бўлиб, ҳозирча қабул қилинган қарор ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас.

Эслатиб ўтамиз, Газета нашри 2020-йилда углерод солиғи солишнинг халқаро тажрибаси ҳақида ёзган эди. Бундай солиқнинг моҳияти атроф-муҳитни ифлослантиришни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилишдан иборат: хонадонлар ва компаниялар қанча кўп ёнилғи истеъмол қилса ва уларнинг чиқиндилари қанчалик юқори бўлса, шунча кўп тўлайдилар. Чиқиндиларни камайтириб, энергия самарадорлигини оширадиганлар эса камроқ харажат қиладилар.

Мисол тариқасида Канада келтирилган бўлиб, у ерда углерод солиғи бензин, табиий газ ва бошқа турдаги ёнилғилар нархига киритилган. Бунда тушумларнинг салмоқли қисми аҳолига қайтарилган ёки энергияни тежаш чора-тадбирларини субсидиялашга йўналтирилган. Бундай модел камроқ ифлослантирадиганларни рағбатлантириши ва йирик ёнилғи истеъмолчиларига тушадиган юкни ошириши керак эди.

2024-йил июн ойида Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб Жаҳон банкидан углерод диоксиди чиқиндиларининг камайгани тасдиқлангани учун тўлов олди. Чиқиндиларни 500 минг тоннага камайтиргани учун мамлакатга 7,5 млн доллар миқдорида грант ўтказиб берилди, бу маблағ келажакда 20 млн долларгача ошиши мумкин.

Тўлов энергия самарадорлигини ошириш, энергетик субсидияларни қисқартириш ва углерод молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга қаратилган иСРАФТ лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Маблағларнинг бир қисмини электр энергияси ва газ тарифлари ошишидан энг кўп жабр кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш режалаштирилган.

Жаҳон банки аввалроқ Ўзбекистон “яшил” ўтишни молиялаштириш ҳамда корхоналарни ифлосланишни камайтиришга рағбатлантириш учун углерод нархини белгилашдан, жумладан, чиқиндилар учун солиқ ёки квоталар савдосидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.