Тожикистон пойтахтида «шаҳар ичида шаҳар» қурилмоқда. Dushanbe International District қандай кўринишда бўлади
29 гектар майдонда турар жой мавзелари, бизнес-марказлар, меҳмонхона, мактаб, болалар боғчаси, савдо-кўнгилочар мажмуаси, боғ ва кўл барпо этилади. Баландлиги 340 метр бўлган Dushanbe Tower асосий меъморий доминантага айланади.

Тожикистон пойтахтида «шаҳар ичида шаҳар» барпо этилмоқда. Dushanbe International District қандай кўринишга эга бўлади
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида шаҳарсозликнинг энг йирик янги лойиҳаларидан бири — Dushanbe International District қурилиши бошланди. Лойиҳа девелопери сифатида TAS International Group компанияси иштирок этмоқда, у беш йил ичида 29 гектар майдонда тўлақонли кўп тармоқли туманни шакллантиришни режалаштирган.
Бу бир нечта уйлардан иборат оддий турар жой мажмуаси бўлмайди. Концепция мустақил шаҳар муҳитини яратишни назарда тутади, унда турар жойлар офислар, савдо майдонлари, меҳмонхона ва таълим инфратузилмаси, ресторанлар, спорт объектлари ҳамда дам олиш ҳудудлари билан қўшни бўлади.
Мажмуа пойдеворига илк ғиштни 3 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Душанбе раиси Рустам Эмомали қўйди. 1 октябрдан эса TAS International Group янги тумандаги кўчмас мулк сотувини бошлади.
Мажмуа ҳудудида 52 та бино ва иншоот, жумладан, бешта баланд минора барпо этилиши режалаштирилган. Умумий қурилиш майдони тахминан 1,7 млн квадрат метрни ташкил этади.
Қурилиш якунлангач, туманда 38 мингга яқин киши яшаши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, лойиҳанинг сезиларли қисмини нотурар жой инфратузилмаси эгаллайди. Бу ерда 4300 дан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган, бизнес, савдо ва жамоат жойлари эса, лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, кунига 40 мингдан 70 минггача ташриф буюрувчини қабул қила олади.
Алоҳида кенг кўламли автотураргоҳ инфратузилмаси кўзда тутилган — жами 11 мингга яқин машина ўрни яратилади.
Айнан турар жой, бизнес ва ижтимоий инфратузилманинг уйғунлиги Dushanbe International District концепциясининг асосини ташкил этади.
«Биз шунчаки турар жой мажмуасини эмас, балки тўлақонли замонавий шаҳар муҳитини яратмоқдамиз. Бу ерда яшаш, ишлаш, спорт билан шуғулланиш, харидларни амалга ошириш, болани мактаб ёки боғчага олиб бориш, дўстлар билан ресторанда учрашиш ёки оила билан паркда вақт ўтказиш мумкин бўлади», — деди TAS International Group вакили Алижон Қодиров.

