Тиндеръда эркак ўзини НФЛ юлдузи қилиб кўрсатиб, аёллардан 1,3 млн доллар ўғирлади

Тиндеръда эркак ўзини НФЛ юлдузи сифатида кўрсатиб, аёллардан 1,3 млн доллар ўғирлади
Ўзини миллиардер меросхўри қилиб кўрсатиб, ўнлаб аёлларни алдаб келган машҳур “Тиндер фирибгари” Саймон Леваев ҳақида ҳеч бўлмаганда бир марта эшитган бўлсангиз керак. Энди унинг рақобатчиси пайдо бўлди: сўнгги кунларда интернетда 26 нафар қизни чув туширган Дейжон Лав ҳақида гапира бошлашди.
У 35 ёшда ва ҳеч қачон на “Сан-Франсиско Форти Найнерс” жамоасида, на Миллий футбол лигасида (НФЛ) ўйнаган.
Лав ўз схемасини тахминан 2022-йил февралидан бошлаб қўллай бошлаган. У танишув иловалари орқали аёллар билан танишиб (шу сабабли ҳам янги “Тиндер фирибгари” лақабини олган), ўзини профессионал спортчи сифатида таништирган. Ёзишмалар тез орада романтик тус олган ва Лав аста-секин ўз мақсадига яқинлаша бошлаган. Муносабатлар янада яқинлашгач, у гўёки даромадли сармоялар борлигини айтиб, уларга пул тикишни таклиф қилган. Айрим ҳолатларда аёллар кредит ҳам олишган.
Бу орада Дейжоннинг шериги 18 ёшли Тейлор Чан бўлган. У ўзини “ўйинчи”нинг молиявий маслаҳатчиси сифатида таништириб, жабрланувчиларни раҳбарининг пули кўплигига ва сармоялар ҳақиқатан ҳам фойда келтиришига ишонтиришга ёрдам берган. Қизлар пул юборгач, гумондорлар уни ечиб олиб, ўзлаштириб юборишган. Аввалига уларга фойда бўлишини ваъда қилиб, янада кўпроқ сармоя киритишга ундашган. Агар жабрланувчилар кўп савол бера бошласа, Лав шунчаки уларни блоклаган.
Кутилганидек, уларнинг бирортаси ҳам ўз сармоясидан даромад олмаган, шу сабабли қизлар судга мурожаат қилган. Шунингдек, терговчилар жабрланганлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Лавнинг ўзи ижтимоий тармоқларни фаол юритиб, ҳар куни ўзининг “спорт ҳаёти” ҳақида постлар жойлаб борган. Дейжон “Форти Найнерс” экипировкасида суратга тушган, машғулотлар қилган ҳамда қимматбаҳо машиналар ва уйлар ёнида суратга тушиб, минглаб долларлик янги соатлари билан мақтаниб юрган.
Иш шу даражага етдики, Гоогле нейрон тармоғи уни ҳақиқий ўйинчи деб қабул қила бошлади. Тизим уни “Сан-Франсиско Форти Найнерс” клубининг қабул қилувчи ўйинчиси сифатида хато танитиб, унинг позицияси, шартномаси ва жамоа билан алоқалари ҳақида гўёки мавжуд маълумотларни кўрсатган. Бу эса жиноятчига жуда қўл келди: қизлар шубҳаланиб, ўзларининг янги ошиғи ҳақида маълумот излашга тушганида, қидирув тизимидаги сунъий интеллект ёрдамчиси уларга Дейжоннинг ҳақиқатан ҳам мазкур клубда ўйнагани ҳақида аниқ жавоб берарди.
Бироқ ҳозирда Дейжоннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчирилган, ўзи эса ҳибсга олинган. У ва Чан тил бириктириш ҳамда фирибгарликда айбланмоқда, бу жиноятлар учун уларнинг ҳар бири 4 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

