ТикТок ва СапСут эгаси қарийб 30 млрд доллар кредит олди

ТикТок ва СапСут эгаси қарийб 30 млрд доллар кредит олди
Хитойнинг БйтеДансе компанияси банклардан 29,6 миллиард доллар кредит жалб қилиш бўйича келишувга эришди. Бу жорий йилда Осиёда доллар ҳисобида жалб қилинган иккинчи энг йирик кредит битими бўлиши мумкин. Компания ТикТок ва Доуйин платформалари, шунингдек, СапСут дастурини яратгани билан танилган.
БйтеДансе дастлаб 20 миллиард доллар кредит олишни режалаштирганди. Аммо ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр банклар сони ошгани сабабли, сумма қарийб 30 млрд долларгача кўтарилди. Маблағлар асосан сунъий интеллект йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва тегишли инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
Якуний битим ҳали имзоланмаган. Банклар ўзларига ажратилган улушларни тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштирмоқда. Бу жараёнда координаторлар сифатида Ситигроуп ва ЖПМорган Часе қатнашмоқда. Кредит муддати уч йил этиб белгиланган. Бироқ зарурат туғилса, уни беш йилгача узайтириш мумкин.
БйтеДансе СИ йўналишида етакчилардан бўлмоқчи
Компания сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги имкониятларини тез суръатларда кенгайтирмоқда. БйтеДансе жорий йилда капитал харажатларини 70 миллиард долларгача ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилги харажатлардан икки баравардан ҳам кўпроқ. Кредит сифатида жалб қилинадиган қўшимча маблағларнинг катта қисми ҳам СИ инфратузилмасини ривожлантиришга, хусусан, дата-марказлари қуришга сарфланиши кутилмоқда. Мақсад — ушбу йўналишда рақобатбардошликни ошириш.
СИ инфратузилмасига катта маблағ йўналтираётган компаниялар сони ортиб бормоқда. Бу рўйхатда Қўшма Штатларнинг Амазон, Алпҳабет, Мисрософт ва Мета каби технологик гигантлари ҳам бор. Улар жорий йилда ушбу соҳани ривожлантириш учун рекорд даражада — 725 миллиард долларгача маблағ ажратишни режалаштирган. Уларнинг асосий харажатлари дата-марказлари ва тегишли ускуналарга тўғри келади.
БйтеДансе янги кредитни Хитойнинг бошқа технологик компанияларига қараганда анча паст фоизда олмоқда. Бу жорий йил Осиёда доллар ҳисобида жалб этилган иккинчи энг йирик кредит битими бўлиши мумкин. Рўйхатнинг юқорисида СофтБанк Гроуп томонидан март ойида имзоланган 40 миллиард долларлик кредит турибди.
БйтеДансе бу маблағларни Осиё кредит бозорида фаоллик сезиларли даражада пасайган бир пайтда жалб қилмоқда. Минтақа кредит бозори жорий йилнинг биринчи олти ойида сўнгги 16 йилдаги энг заиф натижани қайд этган. Компания глобал кредит бозорига охирги бор 2024-йилда чиққан. Ўшанда БйтеДансе мамлакат ва халқаро миқёсдаги тахминан 20 та банкдан 10,8 миллиард доллар қарз олганди. Қарийб 30 млрд долларлик янги битим компания СИ технологиялари пойгасида ортда қолишни истамаслигидан далолат беради.

