Тиграй кучлари Эфиопия шимолидаги бош аэропортни полициядан тортиб олди, деб хабар берди маҳаллий аҳоли BBC’га
Ҳукумат ва ТХОФ (TPLF) ўртасидаги кескинлик кучайиб борар экан, шимолий минтақада урушнинг қайта бошланишидан хавотирлар мавжуд.

Тиграй кучлари Эфиопия шимолидаги бош аэропортни полициядан тортиб олди, деб хабар берди маҳаллий аҳоли BBC’га
Мекелледаги аэропорт одатда Эфиопия миллий полицияси ходимлари томонидан қўриқланади.
Эфиопия шимолидаги Тиграй минтақаси аҳолиси BBC’га маҳаллий кучлар минтақа пойтахти Мекелледаги аэропорт назоратини федерал полициядан тортиб олганини маълум қилди.
Ҳозирда аэропортга ҳеч қандай рейслар амалга оширилмаяпти ва Ethiopian Airlines авиакомпанияси Тиграйдаги «ҳозирги вазият» туфайли Мекелле, шунингдек, Шире ва Аксум шаҳарларига парвозларни тўхтатганини билдирди.
Жорий йилда ҳукумат ва Тиграйни бошқараётган Тиграй халқ озодлик фронти (ТХОФ) партияси ўртасида кескинлик кучайиб бормоқда, бу эса фуқаролар уруши қайта бошланиши хавфини оширмоқда.
Якшанба куни ТХОФ Аддис-Абебадаги ҳукуматни ағдариш мақсадида Эфиопиядаги олтита қуролли гуруҳ билан иттифоқ тузганини эълон қилди.
Тиграйдаги икки йиллик уруш 2022 йил ноябрь ойида якунланган эди, бироқ ҳозирда ҳар икки томон бир-бирини Африка Иттифоқи восичилигида тузилган тинчлик битимини бузишда айбламоқда.
Бу ушбу асрнинг энг қонли можароларидан бири бўлди, Африка Иттифоқи воситичисининг ҳисоб-китобларига кўра, жанглар минтақани очлик ёқасига олиб келиши оқибатида 600 000 га яқин одам ҳалок бўлган.
Парвозларнинг тўхтатилиши Тиграйда бир қатор дрон зарбалари берилгани ҳақидаги хабарлардан кейин юз берди.
Сешанба куни жанубдаги Аламата шаҳрида берилган зарба оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди ва яна 22 киши яраланди, деб хабар берди Тиграй расмийлари.
Шаҳар мэри Могос Шиферав BBC’га соат тахминан 03:30 дан бошлаб бештадан ортиқ дрон ва битта қирувчи самолёт 21 дан ортиқ зарба берганини айтди.
«Бу шаҳримизда катта руҳий жароҳатга сабаб бўлди ва одамларимиз ваҳима ичида қолди», деди у.
Могос ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари эканини айтди ва федерал кучларни иккита ўрта мактабни нишонга олганликда айблади.
Унинг сўзларига кўра, мактабларга Тиграй кучлари улардан фойдаланаётганликда гумон қилиниб зарба берилган деб тахмин қилинмоқда.
Бироқ мэрнинг таъкидлашича, фуқаролар уруши пайтида федерал ҳарбий базалар сифатида фойдаланилган мактаблар бўш бўлган, чунки ўқув йили ҳали бошланмаган эди.
BBC бу даъволарни мустақил равишда тасдиқламади, ҳукумат эса оммавий равишда изоҳ бермади.
Чоршанба куни Тиграй расмийлари Аддис-Абебани минтақа аҳолисига қарши очиқ босқин бошлашда айблаб, аҳолини маҳаллий кучларни қўллаб-қувватлашга ва бирдам бўлишга чақирди.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаментининг Африка масалалари бўйича бюроси душанба куни содир бўлган ва озиқ-овқат ёрдами олиб кетаётган католик машиналари карвонини нишонга олган алоҳида дрон зарбасини қоралади.
У тергов ўтказишга чақирди ва барча томонларни келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга ҳамда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кўришга ундади.
Аддис-Абеба ҳам, ТХОФ раҳбарлари ҳам 2022 йил ноябрида можарога расман чек қўйган Претория келишувининг асосий бандларини бажаришни кечиктираётгани учун танқид қилинмоқда.
Июль ойида Бош вазир Абий Аҳмед парламентдаги нутқи чоғида ТХОФни янги можарога тайёргарлик кўраётганликда айблаган эди.
Май ойидаги умумий сайловлар арафасида ТХОФ Абий томонидан тайинланган муваққат маъмуриятни тарқатиб юбориб, урушдан олдинги маъмуриятини қайта тиклади.
Шунингдек, ТХОФ ёшларни ўз кучларига қўшилиш учун мажбуран сафарбар қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

