Тибетда кучли ер силкиниши юз берди, 16 киши ҳалок бўлди, дейилади хабарларда
Зилзила Тибетнинг шиамол-шарқидаги тоғли, аҳоли кам яшайдиган ҳудудда юз берди.

Хабарларга кўра, Тибетда кучли зилзила юз бериб, 16 киши ҳалок бўлди.
Хитой давлат медиасининг хабар қилишича, Тибетнинг тоғли ҳудудида етти баллик зилзила юз бериб, камида 16 киши ҳаётдан кўз юмган. Синьхуа агентлиги маҳаллий фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб хабар беришича, эпицентр пайшанба оқшомида Нагчу вилоятининг Бачен уездида бўлган. Уезд Тибет пойтахти Лхасадан 400 км шимоли-шарқда жойлашган.
Ҳокимият органлари фавқулодда ҳолат эълон қилди ва яна 32 киши жароҳат олган ҳудудга қутқарув гуруҳларини юборди.
Маҳаллий хабарларда айтилишича, талофат кўрган ҳудудда 300 дан ортиқ уй вайрон бўлган, у ерда электр таъминоти асосан ўчиб қолган.
Тош кўчишлари минтақадаги йўлларни ёпиб қўйган, бу эса гуруҳларнинг талофат кўрган ҳудудларга етиб боришини қийинлаштирмоқда.
Икки ойдан камроқ вақт олдин Тибет ва Непалда музликнинг ўпирилиши оқибатида вайронкор сув ташқинлари ва кўчкилар юз бериб, камида 1400 киши ҳалок бўлган эди. Яна юзлаб одамлар ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

