«Темир дафтар»даги мингдан ортиқ оила бепул қуёш панелларини олади

«Темир дафтар»даги мингдан ортиқ оила бепул қуёш панеллари билан таъминланади
Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар ва ижтимоий соҳа объектларига қуёш панелларини бепул ўрнатиш лойиҳаси якунланмоқда. Якуний босқичда «Темир дафтар»га киритилган 1 197 та оила ушбу ускуналарни олади.
Yorqin Xonadon лойиҳаси Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан Саудия Арабистонининг Acwa ва Хитойнинг China Southern Power Grid International (CSGI) компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Дастурнинг умумий бюджети 20 миллион долларни ташкил этади.
Янги босқич Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олади. Барча ўрнатиладиган панелларнинг 65 фоизи Қорақалпоғистон ҳиссасига тўғри келади. Қабул қилувчилар рўйхати вилоят ҳокимликлари билан биргаликда «Темир дафтар» реестри асосида шакллантирилмоқда.
Бундан аввал лойиҳа доирасида 1580 та оила ва 334 та ижтимоий соҳа объекти қуёш панеллари билан таъминланган эди. Улар орасида Сирдарё, Бухоро, Тошкент ва Навоий вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистондаги мактаблар, боғчалар ва қишлоқ шифокорлик пунктлари бор.
Якуний босқични ҳисобга олган ҳолда, дастур билан қамраб олинган оилалар ва ижтимоий соҳа объектларининг умумий сони 3,1 мингдан ошади.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев лойиҳа мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш фонида амалга оширилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қуёш панелларини ўрнатиш бир вақтнинг ўзида ижтимоий вазифани ҳал қилади ва энергия тизимига тушадиган юкламани камайтириш имконини беради.
«Бугунги кунда Ўзбекистон қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтириш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадида экологик тоза энергия манбалари улушини фаол равишда оширмоқда. Бу борадаги амалий қадамлардан бири муҳим ижтимоий вазифани ҳал этувчи Yorqin Xonadon лойиҳаси бўлди. У аҳолининг энг муҳтож қатламлари ва ижтимоий муассасаларни бепул ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди, шу билан бирга мамлакат энерготизимига тушадиган юкламани камайтиради», — деди вазир.
Acwa компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жон Заиди лойиҳа доирасида қуёш панеллари бевосита оилалар хонадонларида ва ижтимоий соҳа объектларида ўрнатилаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай ускуналардан фойдаланиш электр энергияси харажатларини камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, хонадонлар ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиш орқали қўшимча даромад олишлари мумкин.
Yorqin Xonadon ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг биринчи чорагида 45,2 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун давлат субсидияларини олди. Тўловларнинг умумий ҳажми 73,9 миллиард сўмни ташкил этди.

