Темир билагузук ютган ўқувчи: 151-мактабда нима бўлган?
Тошкентда 3-синф ўқувчиси мактаб ҳожатхонасида билагузук ютишга мажбурлангани юзасидан текширув кетмоқда. Мактаб директорининг айтишича, воқеа 1-соатда рўй берган бўлса, шундан кейинги дарсларда ҳам, эртаси куни ҳам бола дарсларда фаол бўлган, унда тушкун кайфият сезилмаган. Шифокорнинг сўзларига кўра, операциядан кейин беморнинг аҳволи ҳамон оғир, аммо яхшиланиши кутиляпти.

**Темир билагузук ютган ўқувчи: 151-мактабда нима юз берди?**
Тошкентда 3-синф ўқувчисининг мактаб ҳожатхонасида билагузук ютишга мажбурлангани ҳақидаги ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда. Мактаб директорининг айтишича, воқеа 1-соатда содир бўлган бўлса-да, ундан кейинги дарсларда ҳам, эртаси куни ҳам бола фаол бўлган ва унда тушкун кайфият сезилмаган. Шифокор эса операциядан кейин беморнинг аҳволи ҳануз оғирлигини, бироқ яхшиланиши кутилаётганини билдирган.
Тошкентдаги 151-мактабда 3-синф ўқувчиси ҳожатхонага чиққан пайтда юқори синф ўқувчилари уни темир браслет ютишга мажбурлагани айтилмоқда. Натижада бола оғир операцияни бошдан кечирган, ичагининг беш сантиметри олиб ташланган.
Мактаб директори Севара Зуфарованинг сўзларига кўра, ҳолат 3-сентабр куни тахминан 12:30 ларда юз берган.
“Ўқувчи мактабга келиб, 1-соатда (2-смена) ҳожатхонага чиқиб келишга ўқитувчисидан рухсат сўраган. Орадан 10 дақиқа ўтмасдан дарсга қайтиб келган, кайфияти яхши бўлган. Ўша куни математика дарсида доскада вазифаларни бажарган. Кечгача 4 соатлик дарсларда фаол бўлган. Кайфияти ёмонлигини ўқитувчи сезмаган. Эртасига, 4-сентабрда ҳам ўқувчи дарсга келган, дарсларда фаол бўлган. Нохуш ҳолга тушгани, кимдир хафа қилгани бўйича синфдошлари ҳам, синф раҳбари ҳам ҳеч нарса сезмаган.
Вазиятдан якшанба куни, ижтимоий тармоқларда тарқалишидан сал аввал хабар топдик. Онасига боғланиб, дори-дармонлар етказиб бердик – моддий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдик, бу инсонийлик мақсадида қилинди, чунки ҳамма ўқувчи бизнинг фарзандимиз”, – дейди у.
Мактаб директори бу ҳолат юзасидан психологлар ҳам ўқувчилар билан ишлаётганини айтди.
Бу ишни ким қилгани эса ҳали аниқ эмас. Юқори синф ўқувчилари қилгани ҳақидаги гаплар боланинг онасига фарзанди айтган маълумот ва унинг тахминига асосланган.
“Бизда 4 қаватли янги бино қуриб битказилди ва 2-сентабр куни биз шу бинода ўқувчиларни қабул қилдик. Бу бинода фақат бошланғич синфлар – 1-4-синф ўқувчилари ўқийди. У ерга юқори синф ўқувчилари бориши ва дарс жараёнида ўтиш имкони йўқ. Ижтимоий тармоқларда эса юқори синф ўқувчилари эканлиги гумон қилиняпти.
Вазиятга тўғри кўз билан қараганда, боланинг онаси ижтимоий тармоқларга чиқарганини тўғри қабул қилдим. Чунки бу ҳолат билан бошқа мактаблардаям бунақа ҳолатлар юзага келмаслиги учун ота-оналар янада эътиборли бўлиши кераклигини айтмоқчи бўлган. Буни кўрган бошқа мактаблар жамоаси ҳам эътиборли бўлишига сабаб бўлади.

