Маҳаллий

Таъмирталаб уйлардан қулай хонадонларга: Тошкентда реновациянинг илк босқичи амалга ошмоқда

Тошкентда йиллар давомида эски ва таъмирталаб уйларда яшаб келган оилаларни янги хонадонларга кўчириш бошланди. Реновация дастурининг биринчи босқичида 40 нафар иштирокчига замонавий турар жой калитлари топширилди. Янги хонадон эгалари орасида йиллар давомида ёмғирда деворлари сув ўтказадиган, электр тармоқлари ва иситиш тизимида муаммолар бўлган уйларда яшаганлар ҳам бор.

**Таъмирталаб уйлардан қулай хонадонларга: Тошкентда реновациянинг илк босқичи амалга ошмоқда**

Фурқат боғи яқинидаги Абдулла Авлоний маҳалласида яшаган оилалардан бирининг эски уйи пахсадан қурилган эди. Уй эгаси бу бошпана қачон барпо этилганини ҳам аниқ эслай олмайди.

“Квартирамиз нураб қолганди. Ҳатто қачон қурилганини эслай олмайман: ёши мендан ҳам катта бўлса керак. Ёмғир ёғганда лойлари ювилиб кетарди. Томи эски, деворлари эса сув ўтказарди. Иситиш тизими газда ишларди, лекин тез-тез бузиларди. Электр симлари ҳам қониқарли ҳолатда эмасди”,

– дейди Гулнора Йўлдошева.

Энди эса у оиласи билан Сергели туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган шинам хонадонга кўчмоқда. Уларга уч хонали, учинчи қаватдаги квартира ажратилган.

“Аввалги уйимиз билан солиштирганда бу бутунлай бошқа: осмон билан ерча фарқ қилади. Барча шароитлари бор, хоналар ёруғ ва шинам. Қурувчилардан миннатдормиз”,

– дейди янги хонадон эгаси.

**“Уй ўрнига янги хонадон берилади, деб ўйламагандим”**

Реновация натижасида айрим оилалар учун ўзгариш фақат янги манзил билан чекланиб қолмаган. Эски хонадоннинг майдони ва оиладаги одамлар сонига қараб, уларга бир эмас, бир нечта уй ажратилган. Масалан, Зуҳра Ғаффарованинг аввал қарийб 200 квадрат метрли хонадони бор эди. Янги уй-жойларни тақсимлаш жараёнида эса унинг оиласига 4 та хонадон берилган.

“Аввал Чилонзор туманидаги икки қаватли уйнинг биринчи қаватида яшардим. Эски квартирамизнинг майдони қарийб 200 квадрат метр эди. Реновацияга тушганимиздан кейин оиламиз билан бориб, хоналарни ўзимиз танлаб, тақсимлаб олдик. Мен ва қизимга Сергелидан, икки ўғлимга эса Миробод туманидан хонадон берилди”,

– дейди у.

Аёлнинг айтишича, янги хонадонлар тайёр таъмир ва зарур жиҳозлар билан топширилган.

“Шароитлари ўзимиз хоҳлагандек. Таъмирлари битган, ҳамма жиҳозлари бор. Жуда чиройли. Ёлғиз она учун барча фарзандларини уй билан таъминлаш жуда қийин. Мен қачон учта фарзандимга учта уй олиб бераман, деб ўйлардим. Бир хонадон беришади, деб кутгандим. Учта фарзандим ҳам ўз оиласи билан алоҳида уйга эга бўлганидан жуда хурсандман”,

– дейди Зуҳра Ғаффарова.

**Янги хонадонларда қандай шароит бор?**

Калитларни олган оилалар янги уйларига кириб, хонадонларни кўздан кечирди. Квартираларда таъмирлаш ишлари якунланган, хоналар фойдаланишга тайёр ҳолатда топширилган. Уйларнинг ёруғлиги ва ички таъмири хонадон эгаларининг эътиборидан четда қолмади.

“Квартираларнинг кенглик майдони яхши, шароитлари ҳам ёқди. Таъмири жуда чиройли. Яшаб берсак бўлди экан”,

– дейди янги кўчиб ўтаётганлардан бири.

Массив атрофида болалар майдончалари, мактаб ва боғчалар каби ижтимоий инфратузилма обьектларини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган.

**“Аввал реновация деса, халқ қўрқарди”**

Реновация дастури доирасида эски уйларни бузиб, уларнинг ўрнига янги турар жойлар қуриш билан бирга, аҳолининг уй-жой масаласини ҳал қилиш механизмини ишга тушириш ҳам режаланган.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг айтишича, Яшнобод туманида дастлабки босқичда 40 та хонадон эгаларига уйлар топширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, қолган оилалар ҳам янги хонадонларга кўчирилади. Йил охиригача яна 58 та хонадон топширилади.

Таъкидланишича, реновация фақат битта ҳудуд билан чекланмайди. Дастур Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.

“Аввал реновация дейилса, халқ қўрқарди. “Уйимиз қолиб кетади, алданиб қоламиз”, деган тушунча бор эди. Ҳозир эса бу хавотирлар асоссиз экани ва ишларимизнинг амалий натижасини кўриб турибмиз. Янги хонадонларни ажратишда аввалги уй-жойнинг майдони ва оиланинг таркиби ҳисобга олинди. Айрим ҳолларда мавжуд майдонга қўшимча коеффициент қўлланган ҳолда янги хонадон олиш имконияти яратилди. Тошкентда реновацияни талаб қиладиган уйлар сони кўплиги сабабли бу жараён бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилиши кутилмоқда”,

– дейди Тошкент шаҳар ҳокими.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.