Дунё

Таймс-скверда Америка банки вице-президенти пичоқлаб ўлдирилди

Қўшма Штатларнинг Ню-Ёрк шаҳридаги Таймс-сквер майдонида Америка банки вице-президенти Эрин Пиасенти пичоқланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Ҳужумчи полиция томонидан отиб ўлдирилишидан аввал бир сайёҳни ҳам жароҳатлаган. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.

Эрин Пиасентининг ЛинкедИн саҳифасидаги маълумотларга кўра, у Америка банкида манфаатлар тўқнашуви бўйича масъул лавозимда ишлаган.

Ню-Ёрк полициясининг маълум қилишича, ҳужум 31-август куни содир бўлган. Икки пичоқ билан қуролланган 49 ёшли Памела Сиснерос дастлаб “Вест 41-кўча” ва Еттинчи авеню кесишмаси яқинида 68 ёшли сайёҳга яқинлашган. Эркак ва унинг рафиқаси кўчани кесиб ўтиш учун кутиб турган эди. Сиснерос эркакнинг қорнига пичоқ урган.

Жабрланувчи касалхонага ётқизилган ва унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Шундан сўнг Сиснерос Еттинчи авеню бўйлаб шимолга қараб юришда давом этган. Тахминан 20 сония ўтиб, у “42-кўча” яқинида Эрин Пиасентининг қорнига пичоқ урган.

Полициячилар ҳужумчини 42 ва 43-кўчалар оралиғида тўхтатган. Улар тахминан тўрт дақиқа давомида уни қуролни ташлашга кўндиришга уринган, аммо у рад этган.

Таъкидланишича, Сиснерос полиция ходимлари томонга ҳаракатланганда, улар электрошокердан фойдаланган. Лекин бу аёлни тўхтата олмаган. Шундан сўнг икки полициячи ўт очиб, аёлни яралаган. Сиснерос касалхонага олиб борилган ва ўша ерда вафот этган.

Ню-Ёрк полицияси қайдларида Сиснероснинг руҳий хасталиги билан боғлиқ 2018 ва 2019-йиллардаги иккита ҳолат аниқланди. Полиция комиссарининг таъкидлашича, терговда бу ҳужумни теракт деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос йўқ.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.