Тарихдаги илк тинчлик шартномаси: Туркияда 3200 йиллик тинчлик битими парчаси топилди

Тарихдаги илк тинчлик шартномаси: Туркияда 3200 йиллик тинчлик битими парчаси топилди
Туркиянинг Чорум вилоятидаги Хаттуша қадимий шаҳрида тарихдаги илк ёзма тинчлик шартномаси — “Кадеш битими”га оид 3200 йиллик тошлавҳа парчаси аниқланди. Бу ҳақда маданият ва туризм вазири Меҳмет Нурий Эрсой 21-сентябр — Халқаро тинчлик кунида маълум қилди.
Илмий тадқиқотлар кўрсатишича, миххат ёзуви туширилган ушбу парча Хетт қироли Хаттусили ИИИ ва Миср фиръавни Рамзес ИИ ўртасида тузилган “Кадеш битими”нинг аккад тилидаги нусхаларидан бирига тегишли. Лавҳа қироллик саройи жойлашган ҳудуддан топилган.
Парчада икки давлат ўртасида қочиб юрган шахслар тақдирини тартибга солувчи қоидалар қайд этилган. Жумладан, Мисрдан хетт ерларига ёки аксинча қочганларни қайтариш ҳамда одамларнинг уйлари вайрон қилинишининг олдини олиш шартлари баён қилинган.
Шу билан бирга, олимлар бу қоидаларни замонавий маънодаги “қочқинлар ҳуқуқи” деб аташ нотўғри эканини, улар икки ҳукмдор ўртасидаги ўзаро дипломатик мажбуриятлар бўлганини таъкидламоқда.
“Кадеш битими” Миср ва Хетт империяси ўртасида Шарқий Ўрта Ер денгизи, хусусан, ҳозирги Сурия ҳудудлари учун давом этган узоқ йиллик кураш натижасида тузилган. Милоддан аввалги 1274-йилда Рамзес ИИ бощилигидаги Миср армияси Кадеш яқинида хеттлар билан жанг қилган, бироқ ҳеч бир томон ғалаба қозона олмаган.
Орадан 15 йил ўтиб, милоддан аввалги 1259-йил атрофида Рамзес ИИ ва Хаттусили ИИИ (кейинги ҳукмдор) ўртасида расмий тинчлик шартномаси имзоланган.
Шартноманинг асл дипломатик ҳужжатлари кумуш тахтачаларга ёзилган бўлса-да, улар ҳозиргача сақланиб қолмаган. Бироқ унинг матни икки сивилизация ёзувлари орқали етиб келган:
Миср нусхаси ибодатхона деворларига иероглифлар билан ўйиб ёзилган.
Хетт архивидан эса ўша даврнинг халқаро тили бўлган аккад тилида лой тахтачаларга ёзилган нусхалар топилган.
Шартноманинг илк парчалари 1906–1912-йилларда Хаттушада олиб борилган қазишмалар чоғида топилган эди. Бугунги кунда унинг қисмлари Истанбул, Анқара, Берлин, Санкт Петербург музейларида сақланади. Шунингдек, “Кадеш битими”нинг нусхаси халқаро дипломатиянинг рамзи сифатида БМТнинг Ню Ёркдаги қароргоҳида ҳам намойиш этилмоқда.

