Сиёсат

Танзила Норбоева Садир Жапаров билан учрашди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бощилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) Кенгашининг ХВ ялпи мажлисида иштирок этди. Йиғилишда сунъий интеллект ва технологик тараққиёт шароитида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Танзила Норбоева Садир Жапаров билан учрашди

Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган Танзила Норбоева сунъий интеллект таълим, тиббиёт, иқтисодиёт ва давлат хизматлари сифатини ошириш учун кенг имкониятлар очишини таъкидлади. Шу билан бирга, у янги технологияларни ривожлантириш билан бир қаторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Мажлисда парламентлар ўртасида қонунчилик тажрибасини алмашиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича умумий тавсиялар ишлаб чиқиш ва замонавий технологияларни парламент фаолиятига жорий этиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Тадбир доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ТуркПАга аъзо давлатлар парламентлари раҳбарлари билан учрашди. Унда Танзила Норбоева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч икки давлатнинг стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантиришга замин яратаётганини қайд этди.

Учрашувда ТуркПАнинг туркий давлатлар ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, рақамли ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни муҳокама қилинди.

Шунингдек, Танзила Норбоева Қирғизистон Жўқорғи Кенгеши раиси Марлен Абдрахманов билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.