Дунё

Танзила Норбоева Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида Ўзбекистоннинг парламент тажрибасини тақдим этди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Танзанияда ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида Ўзбекистоннинг ногиронлиги бўлган аёллар ва қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларга таълим ва меҳнатда тенг шароит яратиш бўйича тажрибасини тақдим этди.

Танзила Норбоева Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида Ўзбекистоннинг парламент тажрибасини тақдим этди

Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 153-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 180 дан ортиқ мамлакатдан келган қарийб 2 минг нафар парламент спикерлари, депутатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бощилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам ушбу анжуманда фаол қатнашмоқда.

Ассамблеянинг бош мавзуси — инклюзивлик, ишонч ва барча учун тенг имкониятлар асосида самарали бошқарувни ривожлантириш. Мажлисларда инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳамда терроризмга қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ассамблея доирасида Парламент аёл аъзолари форуми ҳам ташкил этилди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган резолюция лойиҳаси кўриб чиқилди.

Танзила Норбоева Ўзбекистоннинг ногиронлиги бўлган аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонликдан асраш, таълим ва меҳнат учун тенг шароит яратиш борасидаги тажрибасини тақдим этди.

Ўзбекистон томони резолюция лойиҳасига бир қатор таклифларни ҳам илгари сурди. Жумладан, қонун лойиҳаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан мажбурий экспертизадан ўтказиш, ногиронлиги бўлган аёллар ва қизлар дуч келаётган муаммоларни алоҳида баҳолаш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнига уларни бевосита жалб этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, қабул қилинган қонунларнинг ижросини парламент томонидан мунтазам назорат қилиш ва бу жараёнга ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни кенгроқ жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон делегацияси билдирган таклифлар резолюцияни кейинги муҳокама қилишда инобатга олиниши кутилмоқда.

Ассамблеянинг умумий дебатларида давлат институтларига ишончни ошириш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш ва парламентларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат Раиси Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсати ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш борасидаги тажриба ҳам тақдим этилди.

Ўзбекистон томони қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда жамоатчилик ва маҳаллий вакиллик органлари фикрини ҳисобга олиш, давлат дастурлари ва бюджетларни тенг имкониятлар нуқтаи назаридан баҳолаш ҳамда парламент назоратини қарорларнинг аҳоли ҳаётидаги реал натижаларига йўналтиришни таклиф қилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.