Сиёсат

Таълим — аёлнинг биринчи ҳуқуқи: билимдан сиёсий овозгача

Қўлида қизил ўн сўмлик пул, икки ўрим сочи кўйлагидан узун қиз қишлоқнинг чанг кўчалари бўйлаб

**Таълим — аёлнинг асосий ҳуқуқи: билимдан сиёсий иштирокгача**

**Бошланиш нуқтаси...**

Қўлида қизил ўн сўмлик пул, икки ўрим сочи кўйлагидан узун қиз қишлоқнинг чанг кўчалари бўйлаб шошилиб кетмоқда эди. У Самарқанд шаҳрига, институтга ҳужжат топшириш учун яширинча йўлга чиққан. Аммо отаси ва акалари уни йўлдан қайтаришди. Қишлоқ совети мажлисида у отаси ва акаларига исён қилган қиз сифатида муҳокама қилиниб, изза қилинди.

Сабаби ўша пайтларда қиз боланинг ўқиши шарт эмас, деб ҳисобланган. Оилада беш нафар олий маълумотли ўғилнинг орасидаги ягона қиз ана шу тарзда олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Бу менинг онамнинг ҳикояси. Лекин бу фақат ўша замондаги бир аёлнинг тақдири эмас, балки қиз болага қандай муносабатда бўлинганининг кичик, аммо жуда таъсирли кўриниши эди.

Ушбу воқеа онамнинг бутун умрлик армони бўлиб қолди. Аммо баъзи армонлар инсонни синдирмайди, аксинча, улар кейинги авлодлар тақдирини ўзгартиради. Онам олий маълумотли бўла олмагани учун бизга, уч қизга бир гапни қайта-қайта сингдирди: «Ўқишларинг шарт».

Онамнинг биргина армони туфайли нафақат биз қизлар ўқидик, балки келинлар, неваралар ҳам ўзлари истаган касб эгаси бўлишди.

**Таълим ва ҳуқуқни англаш**

Аёлнинг таълим олиши унинг барча муаммоларини бирданига ҳал қилиб қўймайди. Аммо таълим унга ўз ҳуқуқларини таниш, ўз ҳаёти ҳақида фикрлаш, ўз номидан қарор қабул қилиш ва қабул қилган қарорининг оқибати учун масъулиятни зиммасига олиш имконини беради. Албатта, юртимизда қарор қабул қила оладиган хотин-қизларнинг кўпаяётгани қувонарли. Бу фикрнинг амалий ифодасини бугунги статистикада ҳам кўриш мумкин: Янги ўқув йилида олий таълим ташкилотларига қабул қилинган 409,7 минг талабанинг 226,8 минг нафари, яъни 55,4 фоизи хотин-қизлардир. Олий таълимда хотин-қизлар учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар ҳам яратилган. Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун 2 мингта давлат гранти ажратилиши, беш йиллик меҳнат стажига эга, аммо олий маълумоти бўлмаган хотин-қизлар учун 500 та квота белгиланиши, «Зулфия» мукофоти совриндорларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш имконияти шулар жумласидандир. Магистратурага қабул қилинган хотин-қизларнинг контракт тўловларини давлат томонидан қоплаш механизми ҳам жорий қилинган.

**Таълим олиш ҳуқуқи ва мустақиллик**

Қиз бола таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритди, энди у билими ва меҳнатидан қандай фойдалана олади? Бу савол ўз-ўзидан хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги масаласига олиб келади. Чунки аёлнинг даромад топиши унинг ўз ҳаёти ҳақида қарор қабул қилиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Шу боис бу йўналишда ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Ўтган йили хотин-қизлар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 23,5 триллион сўм кредит йўналтирилди, бунинг ҳисобидан 425 мингдан ортиқ аёл тадбиркорликка жалб қилинди. Жорий йилда эса 1,5 миллион нафар аёлни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини бизнесга жалб этиш кўзда тутилган. Чунки қизлар фақат олий маълумотли бўлиш билан чекланмаяпти, улар касб эгаллаяпти, ишлаяпти, тадбиркорлик қилаяпти, илм-фан билан шуғулланяпти ва жамиятнинг турли соҳаларида ўз ўрнини топяпти.

Аммо энди яна бир савол пайдо бўлади: аёлнинг овози қарор қабул қилинадиган жойгача етиб бораяптими?

**Таълимдан сиёсий овозгача**

Аёлнинг таълим олиши унинг ҳаётидаги биринчи катта эшикни очса, сиёсий иштирок ана шу эшик ортидаги яна бир муҳим босқичдир.

Чунки жамиятнинг бугуни ва эртасига дахлдор қарорлар қаерда қабул қилинади, қонунлар қаерда муҳокама қилинади? Албатта, парламентда, маҳаллий кенгашларда, давлат бошқарувида, сиёсий партияларда ва бошқа қарор қабул қилувчи тузилмаларда.

Шунинг учун хотин-қизларнинг бу майдонлардаги иштироки уларнинг жамиятдаги ўрнини белгилайдиган муҳим мезонлардан бири десак муболаға бўлмайди.

2023-йилги маълумотларга кўра, сиёсий партияларда хотин-қизлар улуши 47 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида 37 фоизга, раҳбар лавозимларида 33 фоизга етган. Қарийб 2 минг давлат ва жамоат ташкилотига аёллар раҳбарлик қилмоқда. 2021-йилда парламентдаги хотин-қизлар улуши қарийб 32 фоизга етган ва Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилган.

Бу рақамлар албатта муҳим, аммо рақамлар ортидаги мазмун янада муҳимроқ.

**Аёлнинг сиёсатдаги иштироки нимани ўзгартиради?**

Аёлнинг сиёсатдаги иштироки, аввало, жамиятда турли ҳаётий тажрибалар ва қарашлар қарор қабул қилиш жараёнида акс этиши учун зарур. Таълим соҳасидаги муаммони билган аёл таълим сиёсати ҳақида гапириши мумкин. Меҳнат бозоридаги муаммоларни кўрган аёл бандлик масаласини кўтариши мумкин. Оила ва болалар билан боғлиқ муаммоларни ҳаётидан билган аёл ижтимоий сиёсатга таъсир кўрсатиши мумкин.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гапирганда яна бир муҳим жиҳат бор: ҳуқуқнинг қонунларда белгиланиши билан унинг ҳаётда амал қилиши бир хил нарса эмас. Қонун аёлга таълим олиш ҳуқуқини бериши мумкин, аммо у оиласида ўқишга рухсат ололмаса, бу ҳуқуқ қоғозда қолиб кетади.

Қонун аёлга меҳнат қилиш ҳуқуқини бериши мумкин. Аммо иш топишда, муносиб маош олишда ёки раҳбарлик лавозимига кўтарилишда тўсиқлар бўлса, ҳуқуқнинг амалдаги қиймати бошқача бўлади.

Қонун аёлга сиёсий иштирок ҳуқуқини бериши мумкин, аммо унинг фикри қарор қабул қилинадиган жойга етиб бормаса, вакилликнинг ўзи етарли эмас.

Шунинг учун аёл ҳуқуқлари ҳақида гапирганда «аёлларга қандай ҳуқуқлар берилди?» деб эмас, «бу ҳуқуқлар аёлнинг ҳаётини қай даражада ўзгартирди?» деб ҳам савол қўйиш керак.

**Аёл ҳуқуқлари ва гендер тенглик ислоҳотлари**

Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ва институционал ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

2026-йилги хотин-қизлар байрами 8-март арафасида Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича янги тизим яратилганини таъкидлади: «Биз юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар яратилди. Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб бирорта қонун қабул қилинмайди.»

Давлат раҳбарининг бу сўзлари мамлакатда қонунчилик амалиёти тамомила янги босқичга кўтарилганини кўрсатади. Эндиликда ҳар бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мажбурий равишда гендер экспертизасидан ўтказилмоқда, бу эса аёллар манфаатига зид бўлган ёки уларнинг имкониятларини чеклайдиган ҳар қандай ҳуқуқий бўшлиқларни олдиндан бартараф этишга хизмат қилади. Мазкур механизм хотин-қизларни нафақат ижтимоий ҳимоя қилиш, балки уларнинг бизнес, таълим ва давлат бошқарувидаги иштирокини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашга қаратилган.

Амалга оширилаётган мазкур туб ислоҳотлар ва хотин-қизларимиз ҳаётидаги ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг «Парламентдаги аёллар» рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич мамлакатда қарорлар қабул қилиш даражасида аёллар улуши кескин ошганидан далолат беради. Шунга ҳамоҳанг равишда, мамлакатимиз «Гендер тенглик ва бошқарув» индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди, бу эса давлат ва жамият бошқарувида аёллар учун яратилган тенг имкониятлар натижасидир. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» ҳисоботида Ўзбекистон ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди, бу эса аёлларнинг иқтисодий эркинлиги ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланганини халқаро миқёсда тасдиқлайди.

Бундай юқори халқаро эътирофлар Ўзбекистонда гендер сиёсати шунчаки декларация эмас, балки конкрет натижаларга йўналтирилган ва барқарор амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳот эканини яққол исботлайди.

**Аёлнинг сиёсатда нега ўрни бўлиши керак?**

Бу саволга жавоб беришда яна хаёлимизда ўша қиз пайдо бўлади. Қўлида ўн сўм билан ўқиш учун йўлга чиққан қиз. Унинг сиёсатга кириш нияти бор эди, деб айта олмаймиз. Унинг қўлида сиёсий дастур ҳам йўқ эди, у фақат ўқишни истаган.

Аммо баъзан катта ўзгаришларнинг бошланиши учун инсонга сиёсий минбар эмас, ўз ҳуқуқини англаш кифоя қилади.

Таълим олган қиз ўз ҳаётига бошқача қарайди, имкониятларини кўради, фикрини билдиришга ўрганади, меҳнатига баҳо беради. Жамиятдаги муаммоларга бефарқ бўлмайди. Ва шу жараёнда у фақат ўз ҳаёти эмас, атрофидаги муҳит ҳақида ҳам қарор қабул қилишни бошлайди. Шунинг учун аёлнинг сиёсатдаги иштироки аслида сиёсатдан анча олдин бошланади.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева жорий йил 23-июнда қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш лозимлигига тўхталаркан:

«Қиз фарзандининг илм олишига ишонган минглаб оилалар... Ўзи қизиққан касбни танлаётган минглаб қизлар... Улар ўқимоқда, изланмоқда, бу қизларнинг ўзига бўлган ишончи ҳамда шижоати кун сайин ортиб бормоқда. Билимли қиз нафақат ўз ҳаётини, балки оиласини, атрофидаги муҳитни ва бутун мамлакат келажагини ўзгартиришга қодир», деди.

Бу фикрни онамнинг ҳаёти билан ёнма-ён қўйсак, унинг маъноси янада чуқурлашади. Онам ўз ҳаётини таълим орқали ўзгартира олмаган, аммо онамнинг кучли хоҳиши қизларининг ҳаётини ўзгартирди.

Биз орқали эса бу таъсир қизларимизга ўтди. Демак, билимли қиз ҳақиқатан ҳам фақат ўзини эмас, ундан кейинги авлодни ҳам ўзгартира олади.

**Йўл ҳали тугамади...**

Эришилган натижалар билан бир қаторда, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлигини очиқ тан олиш лозим.

Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятлари кенгайганига қарамай, меҳнат бозорида даромадлар ўртасидаги тафовут ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Хотин-қизларнинг раҳбарлик ва сиёсатдаги иштироки ортган бўлса-да, бу ҳали етарли даражада эмас. Қарор қабул қилинадиган ҳар бир даражада аёллар овози эшитилиши зарур, шундагина ҳуқуқий кафолатлар тўлиқ кучга киради.

Шу сабабли, бугунги вазифа фақатгина «қизларни ўқитиш» билан чекланмайди. Энг муҳими билим олган қизга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун йўл очиш, касбли бўлган аёлга муносиб меҳнат шароити яратиш, унинг меҳнатини қадрлаш ҳамда жамоат ҳаётидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир.

Чунки хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, асосий мақсад аёлни кимгадир қарама-қарши қўйиш эмас. Мақсад унинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган, билимли, мустақил фикрлайдиган ва ўз ҳаёти бўйича мустақил қарор қабул қилиши мумкин бўлган шахс сифатида жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришиш.

Бир вақтлар қиз боланинг ўқиши шарт эмасдек кўринарди. Бугун эса таълим — ўз келажагини эркин танлаш ҳуқуқининг бошланишига айланди. Бу йўлнинг кейинги манзили эса аёлнинг нафақат ўз ҳаёти, балки бутун жамият тақдирига дахлдор қарорлар қабул қиладиган фаол фуқарога айланишида намоён бўлади.

Вақтида онамнинг орзу-истаклари чекланганини, йўли бошиданоқ тўсиб қўйилганини яхши биламан. Аммо бугун биз ўша тугалланмай қолган йўлни давом эттирмоқдамиз ва бу эзгу манзил сари яна минглаб қизлар ишонч билан одимламоқда.

Барно Султонова

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.