Тадбиркорларга давлат кўмаги кенгайтирилди
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари кучайтирилиб, бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари белгиланди. Энди тадбиркорларга грантлар, кредитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши, инфратузилма ва инновациялар бўйича кўмак кўрсатилиши мумкин. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги ва «масъулиятли бизнес юритиш» мезонлари қонун дар

Президент Шавкат Мирзиёев 17-август куни имзолаган қонун билан тадбиркорликка давлат кўмаги кенгайтирилди. Ушбу қонун "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" деб номланади.
Қонуннинг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларининг самарали ишлаши учун қўшимча кафолатлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва соҳадаги муносабатларни такомиллаштиришдан иборат.
Ҳужжатда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг асосий принсиплари аниқ белгилаб берилган. Буларга қонунийлик, тадбиркорликнинг эркинлиги, тадбиркорлик субъектларининг тенглиги, ишончни ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги, тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги киради.
Қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинади. Кичик тадбиркорлик субъектлари якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар ва кичик корхоналарни ўз ичига олади. Ўрта тадбиркорлик субъектлари учун календар йил давомидаги жами даромад мезони 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача, йирик тадбиркорлик субъектлари учун эса 100 миллиард сўмдан юқори этиб белгиланган. Тадбиркорлик субъектининг қайси тоифага кириши унинг календар йил давомидаги жами даромади асосида аниқланади.
Янги қонун билан тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари ҳам белгиланди. Жумладан, тадбиркорлар молиявий, мулкий ва инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, уларга давлат грантлари, кредитлар ҳамда қонунчиликда белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилиши мумкин.
Молиявий кўмак доирасида иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар учун грантлар ажратиш, тижорат банкларига кредитлар учун молиявий ресурслар жойлаштириш, кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш назарда тутилган. Тадбиркорларга давлат кафолати остида имтиёзли кредитлар жалб этиш имконияти ҳам белгиланган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунлар билан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилиши мумкин.
Қонунда тадбиркорларни мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, давлат объектларини ижарага бериш, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳалар учун грантлар ажратиш, шунингдек, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига муайян устуворлик бериш имкониятлари белгиланган. Импорт қилинган товарлар ўрнига маҳаллий товарлардан фойдаланиш талабига боғлиқ қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.
Тадбиркорларни инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш доирасида эса уларнинг фаолият юритадиган ҳудудларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, йўл ва бошқа инфратузилма объектларини ташкил этиш ёки ривожлантириш кўзда тутилган.
Қонун иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган инновацион тадбиркорлик лойиҳаларини ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Бундай тадбиркорларга солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар ҳамда преференсиялар берилиши, ижтимоий лойиҳалар учун давлат субсидиялари ажратилиши, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш харажатлари қоплаб берилиши мумкин. Шунингдек, ижтимоий тадбиркорлик субъектларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш механизми ҳам назарда тутилган.
Ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тушунчаси ҳам қонун даражасида мустаҳкамланди. Қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида барқарорлик рейтинги юритилади. Уни аниқлаш ва юритиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
Шу билан бирга, "масъулиятли бизнес юритиш" тушунчаси киритилди. Бунда тадбиркорнинг инсон ҳуқуқларига ҳурмат қилиши, атроф-муҳитга зарар етказмаслик чораларини кўриши, коррупсияга қарши самарали механизмларни жорий этиши, бизнес ва реклама қоидаларига риоя қилиши, солиқларни ўз вақтида тўлаши каби мезонлар ҳисобга олинади. Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорларнинг алоҳида реестри шакллантирилади. Бундай субъектларга қонунчиликда белгиланган тартибда грантлар, солиқ имтиёзлари, давлат харидларида устуворлик ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари берилиши мумкин.
Қонун билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туриш билан боғлиқ нормалар ҳам қайта кўриб чиқилди. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш ҳуқуқий таъсир чораси сифатида, қоида тариқасида, суд томонидан қўлланилади. Айрим фавқулодда ҳолатларда назорат қилувчи органлар фаолиятни қисқа муддатга тўхтатиб туриши мумкин, аммо кейин судга мурожаат қилиши талаб этилади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан назорат ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда қонунийлик, асослилик ва мутаносиблик талабларига риоя қилиниши белгиланган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

