Иқтисодиёт

Тадбиркорлар учун реклама пешлавҳаларига сарфланадиган электр энергияси тўлови камайтирилиши мумкин

Тадбиркорлар учун реклама пешлавҳаларига электр энергияси тўлови камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор тартиб-таомилларни соддалаштириш таклиф этилди. Хусусан, мажбурий ёритиш, пешлавҳалар ва бошқа белгилар учун фойдаланиладиган электр энергияси тўловида уч баравар оширувчи коэффициентни бекор қилиш, шунингдек, бизнесга аниқланган қоидабузарликларни молиявий санкциялар қўлланилмаган ҳолда ихтиёрий равишда бартараф этиш имкониятини бериш режалаштирилмоқда.

Тегишли ўзгартиришларни ҳукуматнинг айрим қарорларига киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Лойиҳага кўра, молиявий санкция қўлланилгунга қадар ваколатли орган тадбиркорга қоидабузарликни бартараф этиш ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма бериши керак бўлади. Бунинг учун камида 10 иш куни ажратилади.

Агар тадбиркор кўрсатмани тўлиқ бажарса, қоидабузарликни бартараф этса ва зарарни белгиланган муддатда қопласа, молиявий санкция қўлланилмайди. Агар талаблар бажарилмаса ёки лозим даражада бажарилмаса, ваколатли орган жарима чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, юқори техноген хавфли зоналарнинг кадастр паспортларини расмийлаштиришни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш таклиф этилмоқда. Аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки автоматлаштирилган ахборот тизими орқали топшириш мумкин бўлади.

Ариза топширилган куни автоматик равишда рўйхатдан ўтказилади. Ариза берувчидан давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди — улар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олинади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини ваколатли орган икки иш куни ичида текширади. Агар бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар аниқланса, ариза берувчига электрон билдиришнома юборилади ва уларни тузатиш учун беш иш куни берилади.

Аризанинг ўзи ва илова қилинган ҳужжатлар 10 иш куни ичида кўриб чиқилиши керак. Шундан сўнг кадастр паспорти давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Расмийлаштирилган ҳужжат QR-код ва электрон рақамли имзо билан электрон шаклда рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир иш куни ичида ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.

Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси 14 октябргача давом этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.