Таълимдаги ислоҳотлар натижалари янги имкониятлар ва юқори кўрсаткичларда намоён бўлмоқда
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида педагог ва мураббийлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда таълим соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар сарҳисоб қилинди.

Таълимдаги ислоҳотлар натижалари янги имкониятлар ва юқори кўрсаткичларда намоён бўлмоқда
Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда таълим инфратузилмасини кенгайтириш, ўқитиш мазмунини янгилаш ва педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу даврда 1 млн 800 минг ўринли болалар боғчалари ва 1,5 млн ўринли мактаблар ташкил этилди, 10 мингдан ортиқ болалар боғчаси ва мактаб замонавий қиёфага келтирилди. Болалар пахта далаларидан мактаб парталарига, ўқитувчилар эса таълим жараёнига қайтарилди.
2018 йилдан бошлаб янги авлод дарсликларини яратиш бўйича ишлар бошланди, бунга тажрибали мутахассислар, олимлар, педагоглар, муаллифлар ва хусусий компаниялар жалб этилди. Финляндия ва Сингапур тажрибаси ўрганилди. Фақат жорий йилнинг ўзида 400 дан ортиқ мутахассис иштирокида 324 та дарслик янгиланди. Янги дарсликларда миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, табиатни муҳофаза қилиш, сувни тежаш, рақамли технологиялар, молиявий саводхонлик, келажак касблари, мустақил ва танқидий фикрлашга алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилга қадар 8–11-синфлар учун дарсликларни янгилаш ҳам якунланади.
Ислоҳотлар натижалари халқаро баҳолашларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. MELQO тадқиқотида мактабгача таълим тизими юқори баҳоланди. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчилар табиий фанлар бўйича 32 поғонага кўтарилиб, дунёда 48-ўринни эгаллади. Жорий йилда ёшлар нуфузли олимпиадаларда 228 та медални, жумладан, 38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронза медалини қўлга киритди. Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилган кимё ва информатика бўйича халқаро олимпиадаларда яна 8 та медаль қўлга киритилди. Мактаб давридаёқ чет тиллари ва ўқув фанлари бўйича сертификат олган ўқувчилар сони 2,5 баробарга кўпайиб, 100 минг нафарга етди. 5 мингга яқин битирувчи олий ўқув юртларига киришда максимал балл тўплади.
Педагоглар мақомини ошириш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Халқаро ва миллий сертификатларга эга ўқитувчилар сони беш йил ичида 29 мингдан 143 мингга етди, мактаблардаги ўқитувчилар етишмовчилиги эса уч баробарга қисқарди. PISA таҳлилига кўра, ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда 8 фоизни ташкил этади, ваҳоланки, тадқиқот ўтказилган 91 та давлат бўйича ўртача кўрсаткич 40 фоизга тенг. Ҳозирги вақтда 40 минг нафар ўқитувчи 1 минг доллардан ортиқ, яна 1,5 минг нафари эса 2 минг доллардан ортиқ иш ҳақи олмоқда. Илк бор «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 та туман ва шаҳар ғолиблари 616 миллион сўмдан мукофотланди.
Инклюзив таълим билан қамраб олиш ҳам кенгайди. Икки йил ичида инклюзив муҳит яратилган мактаблар сони 729 тадан 3 591 тага кўпайди. Алоҳида эҳтиёжга эга 10 минг нафар бола ўз тенгдошлари билан бир муҳитда таълим олмоқда. Тошкентда кўп тармоқли инклюзив ресурс маркази-мактаби ўз фаолиятини бошлади.
Мактабгача таълим соҳасида Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларга мослаштирилган янги дастур ишлаб чиқилди. 180 минг нафар тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда. Ўйин орқали ўқитиш дастури аллақачон 30 фоиз болалар боғчаларида амал қилмоқда. Тошкентда UNESCO шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш бўйича минтақавий марказ, шунингдек, Италиянинг Реджо-Эмилия маркази иш бошлади. Боғча тарбиячилари учун ишдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти яратилди ва жорий йилда улардан 7 минг нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди.
Профессионал таълимда сўнгги икки йил ичида 104 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейцария ва Хитойнинг халқаро дастурлари жорий этилди. 25 мингта корхона билан ҳамкорлик натижасида 100 мингдан ортиқ ёшлар бир вақтнинг ўзида ўқиш ва пул ишлаш имкониятига эга бўлди. Дуал таълим доирасида касб ўрганаётган ёшларга 1 млн 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Жорий йилда техникумларга 9-синфнинг 220 минг нафар битирувчиси жалб этилди. «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» профессионал танловида 170 минг нафар ўқувчи иштирок этди.
Олий таълим имкониятлари кенгайиши туфайли талабалар сони 1 млн 600 минг нафарга етди. Еттита олий ўқув юрти 17 та фан йўналиши бўйича нуфузли халқаро рейтингларга кирди. Университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилди. Бугунги кунда мамлакатда 32 та хорижий олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

