Суюлтирилган газ таъминотида янги тартиб жорий этилади
Ўзбекистонда суюлтирилган газ таъминотига бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, рақобат муҳитини шакллантириш ва кросс-субсидиялаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиш белгиланди.

Суюлтирилган газ таъминотида янги тартиб жорий этилади
Президентнинг «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функсияларни ихтисослаштириш, фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ҳамда бозор механизмларини жорий этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида ЛПГ-Траде МЧЖ ташкил этилади.
Ислоҳотлар доирасида аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш устувор вазифа этиб белгиланади.
Шунингдек, республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ, корхоналарнинг ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно, фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берувчи корхоналар эса маҳсулотни биржа савдоларидан ёки импорт орқали тўғридан тўғри харид қилиш имконига эга бўлади.
Аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ таъминоти тизимига хусусий сектор ҳам босқичма-босқич жалб қилинади. Бу орқали соҳада рақобат муҳитини шакллантириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, суюлтирилган газ таъминотидаги кросс-субсидиялаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади.
Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Мазкур чоралар аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш тизимининг барқарорлигини оширишга қаратилган.

