Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими қайта ташкил этилади
“Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “ЛПГ-Траде” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими қайта ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди
Суюлтирилган газ табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳолини энергия манбаи билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли уни ўз вақтида, хавфсиз ва барқарор етказиб бериш одамларнинг кундалик ҳаёти, ижтимоий соҳа обьектлари фаолияти ҳамда ҳудудлардаги маиший шароитлар билан бевосита боғлиқ.
Тақдимотда суюлтирилган газ ресурслари ва тақсимоти баланси, амалдаги етказиб бериш тизими, нарх шаклланиши, субсидиялар ҳамда уларнинг аҳолига таъсири таҳлил қилинди.
Маълумотларга кўра, республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа обьекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа обьектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.
Амалдаги тизимда бир қатор муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Айрим ҳудудларда суюлтирилган газ истеъмолчиларга белгиланган муддатда етиб бормаяпти. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда.
Таҳлилларга кўра, суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ муддатда олаётган истеъмолчиларнинг улуши 22 фоизни ташкил этади. Бундай вазиятда айрим оилаларнинг бир ойлик харажати амалдаги белгиланган нархдан бир неча баробар юқори бўлмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа обьектларига имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги тафовут йилдан йилга ортиб, бюджетдан ажратиладиган субсидияларга эҳтиёж кўпаймоқда.
Давлат раҳбари бу масалада энг аввало аҳоли манфаати устувор бўлиши зарурлигини таъкидлади. Суюлтирилган газ одамларга ўз вақтида етиб бориши, таъминотда узилишларга йўл қўйилмаслиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қўллаб-қувватланиши лозимлиги қайд этилди.
Шу мақсадда суюлтирилган газ таъминоти тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “ЛПГ-Траде” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

