Лайфстайл

Сут бези саломатлиги ҳақида нималарни билиш керак. ЖССТ тавсиялари

Аёл кўкрагидаги қандай ўзгаришлар шифокорга мурожаат қилишни талаб этади, эрта ташхис қўйиш скринингдан нимаси билан фарқ қилади ва онкологик касаллик хавфини қандай камайтириш мумкин? Октябрь — кўкрак бези саратони ҳақида хабардорликни ошириш ойида «Газета» ЖССТнинг ўзини ўзи текшириш ва тиббий ёрдам олиш бўйича тавсияларини тақдим этади.

Сут бези саломатлиги ҳақида нималарни билиш муҳим: ЖССТ тавсиялари

Сут бези саратони — дунёда аёллар ўртасида энг кўп тарқалган саратон туридир. Ўзбекистонда ҳам у аёлларнинг онкологик касалликлардан вафот этиши сабаблари орасида биринчи ўринни эгаллайди. Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик баҳолашига кўра, 2024 йилда мамлакатда 4793 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, 2085 нафар аёл эса ушбу касалликдан вафот этган.

Шу билан бирга, аксарият ҳолларда сут бези саратони даволанади, айниқса, агар касаллик эрта босқичда аниқланса ва терапия ўз вақтида бошланса.

Сут бези саратони кўкракнинг ўзгарган ҳужайралари аномал даражада тез бўлина бошлаганда юзага келади. Улар шишлар (зичлашишлар) ҳосил қилиши ёки бошқа ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Ривожланиб бориши билан ўсимта атрофдаги тўқималарга, қўлтиқ ости ва ўмров усти соҳасидаги лимфа тугунларига, кейин эса бошқа аъзоларга тарқалиши мумкин.

«Шуни ёдда тутиш муҳим: кўкракдаги шиш ҳар доим ҳам саратон бўлавермайди. Бироқ унинг табиатини фақат пайпаслаб аниқлаш имконсиз. Ҳар қандай янги шиш, тўқиманинг қалинлашиши ёки сут безларидан биридаги бошқа ғайриоддий ўзгаришлар, ҳатто оғриқ бермаса ҳам, тиббиёт ходими томонидан текширилиши керак», — дея таъкидлади ЖССТ.

«Кўкракдаги шишларнинг аксарияти саратон эмас. Аммо агар шиш саратон билан боғлиқ бўлса, ўсимта кичик бўлган ва ҳали лимфа тугунларига тарқалмаган пайтда муваффақиятли даволаниш имконияти анча юқори бўлади», — деб қайд этди ЖССТ.

Сут бези саратони ҳолатларининг аксариятини аёллар ўзлари мустақил равишда аниқлайдилар — жумладан, ташкиллаштирилган маммографик скрининг дастурлари мавжуд бўлган мамлакатларда ҳам.

«Шу боис ҳар бир аёл ўз организмининг хусусиятларини билиши, сут безлари одатда қандай кўриниши ва сезилишини тушуниши, ҳар қандай ўзгаришларни пайқаши ва уларга имкон қадар эрта муносабат билдириши муҳимдир», — дея таъкидлади ЖССТ.

Қайд этилишича, кўкракни мустақил текширишда техника эмас, балки мунтазамлик асосий омил ҳисобланади. Ҳар ойнинг муайян бир кунини танлаб, текширувни ҳар сафар айнан шу куни ўтказиш тавсия этилади. Ҳайз кўриш цикли мавжуд аёлларга мустақил текширувни ҳайз тугаганидан кейин тахминан етти кун ўтгач ўтказиш тавсия этилади, менопаузадан кейинги аёллар эса ҳар ойнинг осон эслаб қолинадиган санасини танлашлари лозим.

Текширув вақтида иккала сут безини ҳам диққат билан кўздан кечириш ва пайпаслаб кўриш, уларни бир-бири билан солиштириш зарур.

«Агар сиз ғайриоддий, бошқа кўкракдаги мос соҳадан фарқ қиладиган бирор нарсани пайқасангиз ёки сизни бирор нарса безовта қилса, ўзгаришлар оғриқ билан кечмаса ҳам, шифокорга мурожаат қилинг», — деб қайд этди ЖССТ.

Мустақил текширув ўзгаришларни пайқашга ёрдам беради, бироқ ташхис қўйиш имконини бермайди ва тиббий кўрик ўрнини боса олмайди.

Асосий хавф омиллари — аёл жинси ва ёшдир. Репродуктив омиллар ҳам сезиларли рол ўйнайди: ҳомиладорликлар сонининг камлиги, биринчи ҳомиладорликнинг кеч бўлиши, ҳайз кўришнинг эрта бошланиши ва кеч менопауза.

Ирсият эса кенг тарқалган тасаввурларга қараганда камроқ рол ўйнайди. Мутахассисларнинг баҳолашича, сут бези саратони ҳолатларининг атиги 3 фоизидан 6 фоизигача бўлган қисми генетик мойиллик билан боғлиқ.

ЖССТ алкоголга алоҳида эътибор қаратади. Унинг ҳатто оз миқдори ҳам сут бези саратони хавфини оширади: инсон қанча кам ичса, алкоголь билан боғлиқ хавф шунчалик паст бўлади.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси маълумотларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё мамлакатларини ҳам ўз ичига олувчи минтақада алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ 180 мингга яқин саратон ҳолати ва онкологик касалликлардан 92 мингта ўлим ҳолати қайд этилган.

«Бироқ хавфни камайтириш масъулиятини тўлиқ алоҳида бир инсон зиммасига юклаб қўйиш мумкин эмас, — деб қайд этди ташкилот. — Алкоголь, тамаки ва зарарли озиқ-овқат маҳсулотларининг тарғиб қилиниши, жумладан, аҳолининг заиф қатламлари ўртасида ҳам, саломатлик фойдасига танлов қилишни қийинлаштиради. Инсон яшайдиган шароитлар ҳам муҳим: ишончли маълумотлардан фойдаланиш имконияти, соғлом турмуш тарзини олиб бориш ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятлари».

Эрта ташхис қўйиш — бу саратонни аломатлар пайдо бўлганидан кўп ўтмай аниқлашдир. Бу аёлларнинг хавотирли белгилардан хабардорлигига, тиббиёт ходимларининг қанчалик тез муносабат билдиришига ва узоқ кутишларсиз текширувдан ўтиш имконияти мавжудлигига боғлиқ.

Скрининг — сезиларли белгилар пайдо бўлгунига қадар касалликни аниқлаш учун аломатлари бўлмаган одамларни текширишдир. Сут бези саратони скрининги учун маммография ва сут безларининг клиник кўриги қўлланилади. Иштирокчиларнинг ёши, текширувлар оралиғи ва тартиби миллий дастур томонидан белгиланади.

Сифатли ташкил этилган скрининг дастури ҳақиқатан ҳам ҳаётни сақлаб қолиши мумкин. Бироқ скрининг фақат шубҳали ўзгаришлар аниқлангандан сўнг аёл тезкорлик билан қўшимча текширувдан ўтиши, ташхис олиши ва агар зарур бўлса, даволаниши мумкин бўлган тақдирдагина фойда келтиради.

Шу билан бирга, скрининг муайян хавфларни ҳам келтириб чиқаради: сохта ижобий натижалар (текширув муаммо бўлмаган жойда уни кўрсатиши мумкин); сохта салбий натижалар (баъзан, аксинча, касаллик эътибордан четда қолиши мумкин), хавотир ва стресс. Аёлга қўшимча текширувлар ва муолажалар, жумладан, инвазив муолажалар тайинланадиган ва якунда улар кераксиз бўлиб чиқадиган вазиятлар ҳам учрайди.

«Шу боис скрининг дастурлари барча босқичларда: текширувларни ўтказишдан тортиб натижаларни баҳолашгача қатъий сифат назоратини талаб қилади. Агар бундай назорат тизими бўлмаса, маммографик скрининг фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин», — дея таъкидлади ЖССТ.

Шу сабабли ЖССТ 50 ёшдан кичик аёлларга маммографик скринингни тавсия этмайди.

«Агар сизни ташкиллаштирилган скрининг дастурида иштирок этишга таклиф қилишса, ушбу имкониятни кўриб чиқинг ва барча саволларни тиббиёт мутахассиси билан муҳокама қилинг. Агар сизда аломатлар пайдо бўлган бўлса, скрининг таклифини кутиб ўтирманг. Имкон қадар тезроқ тиббий ёрдамга мурожаат қилинг», — дея чақирди ташкилот.

Биринчи қадам кўрикни ўтказадиган оилавий шифокорга мурожаат қилиш бўлиши мумкин.

Сут бези касалликлари бўйича мутахассис томонидан ўтказилиши лозим бўлган маммография ва ультратовуш текширувига йўлланма сўраш керак.

Текширув натижалари хавотирга ўрин йўқлигини кўрсатиши мумкин. Бироқ баъзи ҳолларда биопсия — лаборатория тадқиқоти учун тўқимадан кичик намуна олиш талаб этилади. Фақат биопсиягина саратон бор ёки йўқлигини аниқ белгилаш имконини беради.

Эрта даволаш одатда енгилроқ кечади ва яхшироқ натижалар беради. Сут бези саратонини даволаш қанчалик эрта бошланса, соғайиш имконияти шунчалик юқори бўлади.

Даволаш жарроҳлик аралашуви, нур терапияси, кимётерапия, гормонал терапия ёки ушбу усулларнинг комбинациясини ўз ичига олиши мумкин.

Энг яхши натижаларга эришиш учун бутун мутахассислар жамоаси: жарроҳлар, онкологлар, радиотерапевтлар, патологлар ва бошқа тиббиёт ходимларининг яқин ҳамкорлиги зарур.

«Сут бези саратони» ташхиси нафақат жисмоний ҳолатга таъсир қилади. Аёллар кўпинча қўрқув, хавотир, стресс ва ноаниқликка дуч келадилар.

«Ҳеч ким бу йўлни ёлғиз босиб ўтмаслиги керак. Тиббиёт ходимлари, оила, дўстлар, беморлар ташкилотлари ва ўзаро ёрдам гуруҳлари томонидан кўрсатиладиган психологик ва психосоциал қўллаб-қувватлаш сут бези саратонида комплекс ёрдамнинг муҳим қисми ҳисобланади», — дея таъкидлади ЖССТ.

«Агар сиз қийинчиликларга дуч келаётган бўлсангиз, сизни даволаётган жамоа билан мавжуд қўллаб-қувватлаш турлари ҳақида гаплашинг ёки онкологик жамоат ташкилотларига мурожаат қилинг», — дея чақирди ташкилот.

Сут бези саратонига қарши курашиш учун аёлларни шунчаки текширувдан ўтишга чақиришнинг ўзи кифоя қилмайди: улар мурожаат қилгандан сўнг барча зарур ёрдамни ўз вақтида олишлари муҳим, деб қайд этди ташкилот.

Биринчи бўғин мутахассислари шубҳали ўзгаришларни таниб олишлари ва беморларни текширувга йўналтиришлари, нур ташхиси мутахассислари эса тадқиқот натижаларини тўғри талқин қилишлари керак. Соғлиқни сақлаш тизими аёлларнинг ташхисдан даволанишга кечикишларсиз ўтишини ва бу йўлда йўқолиб қолмаслигини таъминлаши лозим.

ЖССТ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистонда ушбу фаолиятни қўллаб-қувватлаётганини қайд этди.

Мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассислари учун хавф омиллари ва хавотирли белгиларни аниқлаш, сут безларини клиник текшириш, беморлар билан мулоқот қилиш ва кейинги текширувларга ўз вақтида йўналтириш бўйича тренинглар ўтказилди.

Ўқитишда Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг сут бези саратони скрининги дастури, Оксфорд университети шифохоналари ва St George’s сут бези касалликлари бўйича миллий таълим маркази экспертлари иштирок этдилар.

Нур ташхиси мутахассислари маммография бўйича амалий тайёргарликдан ўтдилар.

У текширув вақтида беморни тўғри жойлаштириш, тасвирлар сифатини таъминлаш ва уларни халқаро стандартлар бўйича талқин қилишни ўз ичига олди. Шунингдек, мураккаб клиник ҳолатлар ва томосинтезни қўллаш масалалари кўриб чиқилди. Қўшимча тренинглар маммографик тадқиқотларни баҳолаш ва скрининг дастурларини такомиллаштиришга бағишланди.

Ишларнинг салмоқли қисми «Ўзбекистонда онкология хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилмоқда. У Ислом тараққиёт банки ва мамлакат ҳукумати томонидан молиялаштирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТ билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Лойиҳадан кўзланган мақсад — бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассислари шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаб, беморларни текширувга йўналтирадиган, нур ташхиси хизматлари аниқ ташхис қўйишни таъминлайдиган, ахборот тизимлари кейинги кузатувни қўллаб-қувватлайдиган, аёллар эса ортиқча кечикишларсиз зарур даволанишни оладиган яхлит тизимни яратишга кўмаклашишдан иборат.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.